ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:04 Чоп этиш версияси

Аскар мактуби: ваъда қилганимдек сенга мактуб йўллаяпман

Аскар мактуби: ваъда қилганимдек сенга мактуб йўллаяпман

Январь ойи бошида дўстим ҳарбий хизматга йўл олди. Кетишидан аввал қўнғироқ қилиб, хат ёзиб туришини айтганди. Мана, биринчи хат қўлимда.

“Ассалому алайкум, дўстим!

Ваъда қилганимдек сенга мактуб йўллаяпман.

Бу ерда тонг саҳардан қизғин ҳаёт бошланади. Ҳар куни соат олтида хизматдошларим билан саф тортиб, бадантарбия қиламиз. Ҳамманинг кўзида ғайрат-шижоат порлайди. Чунки мард ва жасур бу ўғлонлар элу юртга хизмат қилишни, Ватанга садоқатли бўлишни олий бурч, деб билади. Биз ҳар тонгни кўксимизни ифтихорга тўлдирган ана шу муқаддас туйғунинг бонги билан қарши оламиз.

Ростини айтсам, аввалига ҳарбий хизматдаги қатъий тартиб-қоидаларга кўникишим осон бўлмади. Лекин уларнинг бари кундалик ҳаёт тарзимга айланиб бормоқда. Энг муҳими ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун шиорига доим амал қиламиз. Ҳатто бутун взвод жазоланган пайтларимиз ҳам бўлди. Бу эса бирдамликни оширмоқда.

Дарслар малакали офицерлар томонидан пухта ўргатилади. Масалан, қурол-аслаҳани ёйиб-йиғиш машғулоти мусобақага айланиб кетади. Машғулотлар якунида ҳар бир аскарнинг ҳарбий интизомга қанчалик риоя этаётгани, фанларни ўзлаштириш даражаси муҳокама қилинади.  

Дарсдан ташқари вақтимизда спорт мусобақаларида куч синашиш одатга айланган. Бизнинг батальонда ҳам “Ватанпарварлик ойлиги” кўтаринки руҳда ўтмоқда. Кечки овқатдан сўнг маданий ҳордиқ чиқаришимиз учун ҳам барча шароит муҳайё.

Кечки сайр. Биз саф тортамиз. Командиримиз буйруқ бериши билан ватанпарварлик, мардлик, жасорат ҳақидаги саф қўшиқларини айтамиз. Шахдам қадамлар ва овозимиз жаранги бизни янада баландроқ, янада жўшқинроқ куйлашга ундайверади. Эҳ, бу шу қадар завқли, шу қадар ёқимлики...

Бир сўз билан айтганда, хизматнинг ҳар куни мазмунли ўтмоқда. Ҳам жисмонан, ҳам ақлан чиниқаяпмиз. Бизнинг энг олий мақсадимиз Ватан олдидаги фарзандлик бурчимизни сидқидилдан адо этишдир.

Таассуротлар бир олам. Мулоҳазаларимни кейинги мактубларимда ёзаман. Кўришгунча саломат бўл, дўстим.

Ҳурмат билан, оддий аскар Эрматов”.

Аскар дўстимнинг мақтанганича бор. Ўзбекистон армияси йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Узоққа бормасдан ўтган йилнинг айрим муҳим воқеаларини эслаб ўтсак бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. 

Халқаро танловлар ғолиби бўлдик

Курсантлар ўртасида ўтказилган IV халқаро олимпиадада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги курсантлари биринчи бор иштирок этишига қарамай, тўртта йўналишида фахрли ўринларни эгаллади. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларимиз IV халқаро армия ўйинларида иккинчи бор иштирок этиб, 6 та совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳарбий хизматчиларимиз Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган “Кембрия патрули” халқаро танловида биринчиликни қўлга киритди. 

Илк бор “Танк биатлони” мусобақаси ўтказилди

“Чирчиқ” умумқўшин дала ўқув майдони базасида танк биатлони бўйича мусобақа ўтказишга мўлжалланган ва халқаро стандартларга мос бўлган биринчи махсус майдон барпо этилди. Бу ерда Мудофаа вазирлиги миқёсида илк бор “Танк биатлони” мусобақаси ўтказилди.

Ҳарбий соҳадаги халқаро алоқалар тикланди

Халқаро алоқаларимиз ҳарбий соҳада ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон махсус операция кучлари иштирокида икки мамлакат ўртасида қўшма машғулотлар ўтказилди. Икки босқичдан иборат қўшма машғулотлар ҳар икки давлат ҳудудидаги полигонларда бўлиб ўтди. Биринчи марта Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида Тожикистон ҳудудида ҳамкорликда “Жанговар ҳамдўстлик – 2018” ўқув машғулотлари юқори савияда ўтказилди.

Ҳарбийларнинг фарзандларига имтиёз берилди

Президент қарорига асосан, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари олий таълим ўқув юртларига 5 фоизли квота асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди. Бугунги кунда 350 га яқин ҳарбийларнинг фарзанди олийгоҳларда шу имтиёздан фойдаланиб ўқимоқда.

Ўқув сигнали...

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг фармойишига биноан Мудофаа вазирлиги қўшинлари тарихда биринчи марта ўқув сигнали бўйича юқори жанговар шайликка келтирилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон армияси дунёдаги энг кучлилар сафига киради. Ҳарбий хизматчиларимиз эса Ватанимиз сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилмоқда.


 


Хуршид Қодиров, ЎзА
1 042