ЎзА Ўзбек

22.05.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Ашком Ҳақиқий: "Қорабайир ажойиб отлар экан"

Ашком Ҳақиқий: "Қорабайир ажойиб отлар экан" Кўҳна Хитой ёзма манбалари ва юртимизнинг турли мавзеларидан топиб ўрганилган қоятош суратлари – петроглифлар қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканини амалда исботлайди.

Қашқадарёда иш бошлаган “Шўртангазкимё мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Қорабайир йилқичилик мажмуаси” унитар корхонаси ташқи ва ички бозорни наслли отлар билан таъминлаш, Ўзбекистон от спортининг халқаро мавқеини юксалтиришда муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.

16.jpg

– Ушбу мажмуа замон талабларига тўла жавоб беради, – дейди “Шўртангазкимё мажмуаси” МЧЖ мутахассиси, мажмуа қурилиши бўйича назоратчи Фарҳод Бердиқулов. – Бу ерда от спорти билан шуғулланиш ва отни парваришлаш учун барча шароит яратилган. Хусусан, мажмуада насос хўжалиги бўлиб, у ерда махсус сув сақлаш ҳавзалари барпо этилган. Мажмуа марказида 140х75 метрлик очиқ манеж майдони қурилган. Майдон атрофини ўраб турган икки қаторли тўсиқлар, тўшалган кварц қумига аралаштирилган геотекстиль аралашмаларгача хориждан келтирилган. Наслли отларни поғонама-поғона тарбиялашга мўлжалланган алоҳида отхона бинолари ҳам эътибордан четда қолмаган. Бундан ташқари, отларни механик тарзда қумда ва сувда юрғизувчи ёпиқ манеж бинолари, емхоналар, махсус техникалар учун ҳам бинолар мавжуд. Йилқичилик мажмуасини қуриш, яйлов ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун жами 1 минг 204,6 гектар ер ажратилган. Шунингдек, мажмуанинг кириш қисмидан жой олган ёпиқ манежда маъмурий бино, 500 ўринли трибуна, 80 ўринли ресторан, меҳмонлар учун 4 хона, чавандозларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хонаси, қишки машғулот зали ўрин олган. Мажмуада 42 киши иш билан таъминланди.

Мажмуани бунёд этиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг 24 февралида Қашқадарё вилоятига ташриф чоғида ўртага ташланган эди. Президентимиз ўшанда миллий ифтихоримиз саналган қорабайир отлари ва ҳар бир ўзбек ўғлони қонига сингиб кетган туғма чавандозлик хусусияти ҳақида алоҳида тўхталган эди.

Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур ҳужжатда, аввало, мамлакатимизда йилқичиликни комплекс ривожлантириш, отларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш, ўз вақтида даволаш, наслли ва спорт отларининг бош сонини кўпайтириш, шунингдек, янги авлод чавандозларини шакллантириш, аҳоли, айниқса, ёшларни от спортига кенг жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу ўринда айтиш керакки, йилқичиликда наслчилик ишларини тубдан ислоҳ этмасдан, яъни тизимли ва мустаҳкам йилқичилик базасини яратмасдан от спортини ривожлантириб бўлмайди.

“Қорабайир йилқичилик мажмуаси” давлат унитар корхонаси турли инновацион ғоялар ва ишланмаларни амалиётга жорий этишда муҳим база бўлиб хизмат қилади. Йилқичилик йўналишида фаолият олиб бораётган зоотехник ва ветеринарларнинг назарий ҳамда амалий кўникмасини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Мана, ўтган қисқа вақт ичида улкан комплекс қад кўтариб, миллий ифтихоримиз ҳисобланган қорабайир зотли отларнинг наслини яхшилаш, сонини кўпайтириш, миллий ва классик спорт турларига мос линияларни йўлга қўйиш ишларига шай ҳолатда турибди.

Мажмуанинг тантанали очилишида иштирок этган халқаро от спорти мутахассислари бу ерда яратилган шароитларни ижобий баҳолади.

1.jpg

13.jpg

– От спорти бизнинг мамлакатда ҳам жуда яхши ривожланган, – дейди эронлик мутахассис Ашком Ҳақиқий. – Аввало, шу ерда бўлиб турганимдан, қулайликларни кўрганимдан хурсандман. Биз ҳам от спортини ривожлантириш мақсадида худди шундай ишларни амалга оширишни ният қилдик. Бу борада хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик олиб борамиз. Қорабайир отлари ҳақида илгари эшитганман, аммо ўз кўзим билан кўрмаган эдим. Ҳозир эса гувоҳи бўлдимки, улар ажойиб отлар. Қорабайир отлари, айниқса, пойга мусобақаларига жуда мос экан. Бизда ҳам худди сизлардаги каби кўпкари мусобақасига ўхшаган миллий ўйинлар бор. Бу от мана шундай турнирларда ҳам ўзининг чидамлилиги ва чаққонлиги билан ажралиб турар экан. Келажакда Эронда ҳам бундай зотли отларни кўпайтириш ва бу бор
ада мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Мутахассисларнинг қайд этишича, қорабайир зотли отлар устидаги дастлабки селекция ишлари бундан уч ярим минг йил аввал қадимги Фарғона водийси ва Жиззах воҳасида бир пайтнинг ўзида олиб борилган. Кўҳна Хитой ёзма манбалари ва юртимизнинг турли мавзеларидан топиб ўрганилган қоятош суратлари – петроглифлар қорабайир зотининг ёши уч минг йилдан зиёд эканини амалда исботлайди. Дейлик, Фарғона водийсидаги Аравон қишлоғидан топилган тошсуратларда эрамиздан уч минг йил аввал йилқичи аждодларимиз қорабайир зотли отлар суратини чизгани олимлар тадқиқотларида исботланган.

Ҳозирда мажмуага 50 бош қулунли қорабайир зотли бия келтирилиб, парваришланмоқда. Келажакда мажмуада боқиладиган бундай наслдор отлар сони 200 бошга етказилади.

Мухтасар айтганда, замонавий йилқичилик мажмуасининг барпо этилиши вилоятда тобора йўқолиб бораётган кўпкари ўйинларини янада оммалаштиришга, шунингдек, от спорти мусобақалари янги босқичда ривожланишига хизмат қилади. Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби жаҳонгир боболаримиз улкан муҳорабаларда зафар қозонишини таъминлаган қорабайир зотли отлар насли сақлаб қолинади ва авлодларга етказилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
6 616