ЎзА Ўзбек

18.08.2018 10:37 Чоп этиш версияси

Ҳашарда ёш-у қари фаол иштирок этмоқда

Ҳашарда ёш-у қари фаол иштирок этмоқда

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Ҳашарда барча аҳоли қатламлари ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқ ва зовурлар, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжо ва қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда. Ҳашарнинг биринчи кунида 1 миллионга яқин аҳоли иштирок этмоқда.

Вилоятда “Обод қишлоқ” дастури асосида 15 тумандаги 30 маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишларга ёшу қари ҳам ҳисса қўшаётганидан мамнун.

Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғида ҳам эрта тонгдан бошлаб ҳашар бошланди. Уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда 2 қабристон тозаланди, “Ҳазрат Али” зиёратгоҳи ободонлаштирилди. Йигирмадан зиёд кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.

– Ҳашар халқимизга хос қадим ва олижаноб қадриятлардандир, – дейди “Шоҳимардон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустамжон Тожибоев. – Шу боис ушбу тадбирда катта-ю кичик бирдек фаол иштирок этмоқда. Хайрия ҳашарида байрам тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу мақсадлар амалда ўз ифодасини топмоқда. Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам бошланган бўлиб, бу энг чекка қишлоқ аҳолисига янада қувонч улашмоқда.

М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА
5 851