ЎзА Ўзбек

18.08.2018 13:34 Чоп этиш версияси

Ҳашар – элга ярашар

Ҳашар – элга ярашар

Қарши шаҳрида умумхалқ ҳашари миллийлигимизни ифодаланган ҳолда, халқимизга хос равишда эрта тонгдан от-араваларда карнай-сурнай садолари остида барча-барчани умумхалқ хайрия ҳашарига чорлаган ҳолда бошланди.

Юртимизда халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган.

Зеро, ҳашарлар пайтида маҳалла ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, жамият тафаккурининг янгиланишида муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, ҳашар минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги бир-бирига ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳаллалар, аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ ҳашари юртимизни янада файзли бўлишида ўзига хос вазифани ўтайди.

Шу муносабат билан умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Қашқадарё вилоятининг қишлоғу маҳаллаларида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашари барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, ҳозиргача ушбу ҳашарда 910 мингдан зиёд фуқаро қатнашди.

Кун мобайнида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятнинг 3 минг 869 гектар майдонида ободонлаштириш ишлари, 4 минг 665 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 41 зиёратгоҳ ва 528 қабристон тартибга келтирилди.

Шунингдек, 1 минг 148 минг дона дарахтга шакл берилиб, оқланди. Умумий ҳисобда ҳашарда 1 минг 495 техника жалб этилди. 
 – Ҳашар инсонларга меҳр-оқибат, одамийликдан сабоқ берувчи бебаҳо тарбиявий аҳамиятга эга тадбирдир. У ўзаро меҳр-оқибат ришталарини, боғлайди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят кенгаши бош мутахассиси Юлдуз Равшанова. – Анъанага кўра, бу галги хайрия ҳашарида ҳам кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Ҳашар кунларида вилоят бўйича 1 минг 84 нафардан зиёд кам таъминланган оиланинг уй-жойлари таъмирланиб, 20 минг 248 м2 ҳажмдаги ишлар бажарилди. Ушбу ишларга 61 миллион 342 минг сўм маблағ сарфланди. Мингдан ортиқ ёлғиз кекса ва ногиронлар, 551 та эҳтиёжманд оилага ушбу мақсадда жами 112 миллион 444 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Ў.Баротов, Ж. Норқобилов (сурат), ЎзА
7 104