Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.08.2017 14:04 Чоп этиш версияси

Ҳашар давом этмоқда: 18 минг 568 гектар майдон ободонлаштирилди

Бугун эрта тонгдан кимдир кўчаларни супуряпти, кимдир ариқларни тозаламоқда, яна биров дарахтларга шакл бериш билан банд. Хуллас, шу элнинг фарзандиман деган инсон борки, хайрия тадбиридан четда тургани йўқ.

Давлатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами арафасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ўтказиш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан тузилган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросига изчил киришилди.

Ҳашарнинг биринчи куни соат 12:00 гача республикамизнинг барча ҳудудларидан олинган маълумотларга кўра, ушбу хайрия тадбирида жами 8 миллион 326 минг нафардан зиёд фуқаро, жумладан, 5 миллион 303 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди.

Юртдошларимиз томонидан 18 минг 568 гектар майдон ободонлаштирилди, 11 минг 662 километр ариқ ва лотоклар тозаланди. 5 минг 400 дан зиёд қабристон ва 423 та зиёратгоҳ тартибга келтирилди. Шунингдек, 6 миллион 432 минг тупдан ортиқ дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Бундай хайрли ишларни амалга ошириш учун жами 8 минг 299 та техника воситаси жалб этилди.

Умумхалқ хайрия тадбирларида эҳтиёжманд инсонлар, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.“Ободлик кўнгилдан бошланади” шиори остида ҳашарда 6 минг 124 та оиланинг 248 минг 878 метр квадрат уй-жойлари таъмирланди. 10 минг 396 та эҳтиёжманд оилага, шундан жисмоний имконияти чекланган 3 минг 10 фуқарога, якка-ёлғиз кексаларга мурувват ёрдамлари кўрсатилади.

Бир сўз билан айтганда, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, яратувчанлик каби эзгу ғояларни ўзида мужассамлаштирган умумхалқ хайрия ҳашари туфайли маҳаллаларимиз янада обод бўлади, кўнгилларга қувонч улашилади, савобли амаллар кўлами кенгаяди. Пировардида Мустақиллик байрамини обод манзилларда, кўтаринки руҳда кутиб оламиз.

Умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин давом этмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш 
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш 
бўйича республика кенгаши Ахборот хизмати

2 518






Все о погоде - Pogoda.uz