Қашқадарёлик ишбилармон аёллар ўзаро баҳслашди
“Ишбилармон аёл – 2020” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти ўз бизнесини ривожлантираётган аёллар ўзаро беллашишди.
“Ишбилармон аёл – 2020” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти ўз бизнесини ривожлантираётган аёллар ўзаро беллашишди.
Баҳсда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан ишбилармон аёллар ўзаро беллашишди. Бу ҳақда O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати хабар берди.
Танловнинг вилоят босқичи ғолиблиги Қарши шаҳрилик тадбиркор Феруза Каримовага насиб этди. У ишсиз аёллар учун ўқув маркази очиб, уларни 12 йўналишда ўқитмоқда. Ҳар йили 500 нафардан зиёд хотин-қиз мазкур марказда таҳсил олиб, ўз бизнесини очмоқда.
– Ўқув марказимизда ҳунар ўрганган хотин-қизларнинг аксарияти ўз бизнесини яратиб, ҳаётда ўрнини топиб кетмоқда, – дейди Феруза Каримова. – Сабаби биз нафақат хотин-қизларни ўқитамиз, балки ўз тадбиркорлигини очишига, бизнесини ҳаётга кенг жорий этишига ҳам кўмаклашамиз. Шунинг учун ҳам бизнинг марказда ўқишга иштиёқи юқори хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Танловда муваффақият қозонганимдан жуда мамнунман. Танловининг мамлакат босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламан.
Танловда иккинчи ўрин косонлик ҳунарманд аёл Ҳанифа Расуловага насиб этди. У каштачилик, попурчилик билан шуғулланиб, 200 нафарга яқин шогирд тайёрлаган. Учинчи ўринни чироқчилик фермер Шоҳиста Келдиярова эгаллади. Фермер аёл 70 гектар ерда пахта-ғалла етиштириш билан бирга тарвуз экиб, мўл ҳосил олмоқда. 5 мингта товуқ боқишга мўлжалланган паррандачилик мажмуасини ҳам ишга тушириш арафасида. 40 нафар хотин-қизни фермер хўжалигида доимий иш билан таъминлаб, ҳар ойда ўртача 1 миллион 300 минг сўмдан маош тўламоқда.
Танловда Қарши туманида фаолият кўрсатувчи тадбиркор Дилсўз Ҳасанова “Замонавий ташаббускор аёл”, Шаҳрисабз тумани вакили Ойжамол Сатторова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, яккабоғлик Гуллола Шаймордонова “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган тадбиркор аёл”, китоблик Барно Зиёева “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинацияларини қўлга киритишди.
Ғолиб ва совриндорлар партия вилоят кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.