ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Қашқадарёга океан ортидаги ватандошларимиз томонидан юборилган тиббий ускуналар етиб келди

Қашқадарёга океан ортидаги ватандошларимиз томонидан юборилган тиббий ускуналар етиб келди

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамовнинг ЎзАга маълум қилишича, АҚШ ва Канададаги ватандошларимиз томонидан мурувват ёрдами сифатида 200 та кислород концентратори ҳамда 100 та пульсоксиметр келтирилган. 

Мазкур тиббий ускуналар вилоятдаги барча юқумли касалликлар шифохоналарига, Қарши шаҳри ҳамда Ғузордаги тақсимлаш марказларига тарқатилди. 

- Ўзбекистон Республикасининг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси томонидан жорий йилнинг апрель ойидан буён АҚШ ва Канададаги ватандошлар иштирокида “Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз” шиори остида хайрия тадбири ўтказиб келинмоқда, - дейди АҚШдаги “Givi to get international” халқаро жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Муроджон Қодиров. – Мақсад – юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак учун маблағ тўплаш. Мана шу маблағ ҳисобидан Хитойдан кислород концентраторлари ва пульсоксиметр келтирилиб, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги коронавирус билан зарарланган беморлар даволанаётган шифохоналарга тарқатилмоқда. 

- Бугун вилоятдаги кўпгина тиббиёт муассасалари қаторида биз ҳам хориждаги ватандошларимиз томонидан мурувват ёрдами сифатида юборилган тиббий ускуналарни қабул қилиб олдик, - дейди Косон тумани юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Илҳом Каромов. – Бу ускуналар беморларимизни кислород билан таъминлашда, уларнинг сатурацияси ҳамда пульсларини тезкор ва ишончли аниқлашда ўта муҳим аҳамият касб этади. Ҳомийлардан миннатдормиз. 

Тиббий ускуналарни тарқатишга бағишланган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Шагазатов иштирок этди. 

1 776
Моҳигул Қосимова, ЎзА