ЎзА Ўзбек

18.07.2018 15:56 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда ёш кадрларга муносабат қандай?

Қашқадарёда ёш кадрларга муносабат қандай? Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида 271 нафар 30 ёшгача бўлган ёш меҳнат қилмоқда.

Ёшлар ҳақида қайғуриш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш мамлакатимиз келажагини ўйлаш, унинг пойдеворини мустаҳкамлаш деганидир.

Президентимиз раислигида жорий йил 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ўртасида учраётган муаммолар ва уни келтириб чиқараётган сабаблар танқид қилинган эди. Хусусан, жойларда ёшлар билан етарлича иш олиб борилмаётгани натижасида улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда оқсоқликка йўл қўйилаётгани, жумладан, Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизи ўқимайдиган ва ишламайдиганлардан иборат экани қайд этилди.

Дарҳақиқат, бугун жамиятнинг барча жабҳаларида – оилада, таълим муассасасида, ташкилот ва корхоналарда ёшларнинг орзу-интилишлари билан қизиқиш, дарду ташвишларига қулоқ тутиш долзарб масала ҳисобланади. Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида ҳам 271 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар меҳнат қилмоқда. Улардан 160 нафари олий, 106 нафари ўрта махсус, 5 нафари ўрта маълумотлидир.

– Ўз навбатида, тизимда фаолият кўрсатаётган ёшларнинг билим ва малакасини ошириш, фидойилик билан ишлаётган мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва тайинлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи С.Эшматов. – Бугунги кунда Қарши шаҳри ва туман давлат солиқ инспекцияларида 13 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Бу ҳали чегара эмас. Муносиб кадрларни ёш бўлса ҳам раҳбарлик лавозимларига тайинлашга тайёрмиз. Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилса бўлди. Президентимиз таъкидлаганидек, тажрибани уларга ўзимиз ўргатамиз.

– Солиқ тизимида ишлаётганимга уч йил бўлди, – дейди Юсуф Тожиев. – Жуда масъулиятли вазифа. Ёш бўлсам-да, камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, бўлим бошлиғи лавозимига тайинландим. Бу ишончни оқлашга, ўз вазифамга сидқидилдан ёндашишга ваъда бераман.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар-туман давлат солиқ инспекцияларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари тузилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганиб борилмоқда.

Соҳада фаолият кўрсатаётган ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси раиси тавсияномасига асосан 8 нафар ёш Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич бадалисиз уй билан таъминланди.

Мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Солиқ билимдонлари”, “Солиқ билимлари болаларга” кўрик-танловлари ўтказиб келинмоқда.

– Икки йил аввал “Солиқ билимдонлари” республика кўрик-танловида совринли ўринлардан бирини қўлга киритган эдим, – дейди Муҳаммад Холиёров. – Олий ўқув юртини битиргач Ғузор тумани давлат солиқ инспекциясига ишга қабул қилиндим. Айни пайтда шундай масъулиятли ва шарафли касбда меҳнат қилаётганимдан фахрланаман.

Самарали меҳнати билан жамоада ўрнак бўлаётган тизимнинг бир гуруҳ ходимлари Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаккурномаси билан тақдирланди, хизматда кўрсатган фидойилиги учун 2 нафар ходимга муддатидан аввал навбатдаги махсус унвон берилди.

Ўтган давр мобайнида Қашқадарё вилояти давлат солиқ хизмати органларида хизмат қилаётган 97 нафар ёш ходимларга нисбатан қўлланилган 174 интизомий жазо чоралари муддатидан олдин олиб ташланди. Шу билан бирга, 74 нафар ёш мутахассисга навбатдаги махсус унвон берилди.

Ў.Баротов, ЎзА
4 840