ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда сайловга тайёргарлик жараёни қандай кетмоқда?

Қашқадарёда сайловга тайёргарлик жараёни қандай кетмоқда?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қашқадарё вилояти бўлимининг ташаббуси билан “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасида навбатдаги брифинг бўлиб ўтди.

Унда вилоят, туман (шаҳар) сайлов комиссияси раиси ва масъул ходимлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида вилоят сайлов комиссияси раиси ва партияларнинг вилоят кенгашлари раҳбарлари сайловларга тайёргарлик, сайловолди дастурлари хусусида оммавий ахборот воситаларига маълумот берди.

Таъкидландики, жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик жараёни кетмоқда. Хусусан, вилоят сайлов комиссиясининг қарорига кўра, 9 нафардан иборат халқаро матбуот маркази вилоят бўлими ташкил этилди. Марказ раҳбари, босма ОАВ билан ишлаш, электрон ОАВ (радио, телевидение) билан ишлаш, интернет тармоғида ёритишни ташкил қилиш, хорижий ОАВ билан ишлаш бўйича масъуллар, фотограф ва таржимон фаолият олиб бормоқда.

Марказда компьютер жиҳозлари, зарур мебеллар, кутиш зали, ведеоконференция ва матбуот анжуманларини ўтказишга мўлжалланган кичик ва катта заллар, ведеопроектор, Wi-Fi зонаси ва интернет тармоқлари мавжуд.

Янги сайлов кодексига мувофиқ воҳада вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси тузилган. Уларнинг фаолият юритиши учун барча шароитларга эга замонавий бинолардан жой ажратилган. Комиссиялар таркиби сайлов бўйича етарли кўникма ва билимга, ҳудудда обрў-эътиборга эга фуқаролар ҳамда жамият ҳаётида фаол хотин-қизлардан ташкил этилган.

Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибидаги 536 аъзонинг 387 нафари аввалги сайловларда қатнашган фуқаролар, 286 нафари хотин-қизлардир. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларида фаолият юритадиган 132 нафар аъзонинг 98 нафари муқаддам сайловларда иштирок этган фуқаролар ва 73 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Вилоятда айни пайтда жами 920 та сайлов участкалари тузилган.

Бугунги кунда вилоятда 1 миллион 939 минг 294 нафар сайловчи бўлиб, шундан 213 минг 322 нафари сайловда биринчи маротаба иштирок этадиган ёшларни ташкил этади.

1 673
Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА