Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда прокурор сектори фаолиятидан халқ розими?

Қашқадарёда прокурор сектори фаолиятидан халқ розими?
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани вилоят прокурори раҳбарлик қиладиган сектор ҳудудига киради. Айни пайтда туманда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, айниқса, "Обод маҳалла" дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Туман инфратузилмасини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш сектор аъзолари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Шу мақсадда ташкил этилаётган очиқ мулоқот ва юзма-юз учрашувларда фуқароларнинг муаммолари тингланиб, уларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туманда вилоят прокурори иштирокида ўтказилган навбатдаги учрашувда ҳам фуқароларнинг алимент ундириш масаласида қилган мурожаатлари, йўл коммуникациясини яхшилаш борасидаги таклифлари кўриб чиқилди, муаммолар жойида бартараф этилди.

– Ёлғиз онаман, кўпдан буён газ баллонига эҳтиёж сезардик, – дейди Нишон туманилик Муқаддам Рустамова. – Бугунги учрашувда муаммомиз ҳал бўлди. Шу ернинг ўзида газ баллон билан таъминландик. Биз каби эҳтиёжманд фуқароларнинг муаммоларини келиб тинглаб, бартараф этиб, яқиндан ёрдам бераётган мутасаддилардан миннатдормиз.

– Белгиланган муддатларда тадбиркорлар ва фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда, – дейди Нишон тумани прокурори Акмал Ҳасанов. – Бугун вилоят прокурори томонидан ўтказилган сайёр қабулда ҳам 50 дан ортиқ фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Барча мурожаатлар жойида ҳал этилди. Хусусан, бир қанча оилаларнинг газ баллонига бўлган эҳтиёжи қондирилиб, газ баллонлари тарқатилди. Бундан ташқари, алимент ундириш масаласидаги мурожаатлар ҳам қаноатлантирилди. Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган бу каби кенг кўламли тадбирлар халқ фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири
8 898