Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 10:40 Чоп этиш версияси

Қашқадарёда 2 ойда 403 та ажрим. Kўп эмасми?

Қашқадарёда 2 ойда 403 та ажрим. Kўп эмасми? Жорий йилнинг дастлабки икки ойида вилоятда оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага кўпайиб, 403 тани ташкил қилди.

Оилавий ажримлар сонидаги ўсиш бўйича “етакчи”лик Миришкор туманида. Шу давр мобайнида ҳудудда 19 та оила бузилган, мос даврга нисбатан бу борадаги ўсиш 17 та.

Чироқчи туманида январь-февраль ойларида 40 та оилавий ажрим қайд этилган, ўсишдаги кўрсаткич эса 11 тани ташкил этмоқда.

Шунингдек, Китоб туманида 58 та (ўсиш 9 та), Нишон туманида 16 та (ўсиш 7 та), Ғузор туманида 16 та (ўсиш 7 та) оилавий ажримлар ҳисобга олинган.

Олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ажримларнинг 145 тасига эр-хотин, қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар 89 та ҳолатда эса эр бошқа аёлга уйлангани ёки узоқ муддат хорижга чиқиб кетгани сабаб бўлган. Бефарзандлик 76 ҳолатда оилавий муносабатлар ниҳояланишига олиб келган. 17 киши эса ичкиликка ружу қўйгани боис муқаддас оила қўрғонини сақлаб қололмаган бўлса, қолган ажримларга ҳам шу каби маиший муаммолар сабаб бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилган.

Айни пайтда вилоятда оилавий ажрим ва низоларнинг олдини олиш, улар сабабларини ўрганиш, оилаларни яраштириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи ва унинг жойларда яраштирув муҳокамаларини ўтказиш жадвали асосида ишлар олиб борилмоқда.

Telegram-UzA.jpg

Фарҳод Эсонов, ЎзА
5 118