Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2018 08:00 Чоп этиш версияси

Қашқадарё вилоятида ички ишлар идораларининг вояга етмаганлар билан ишлаш тизими нега қониқарсиз баҳоланди?

Қашқадарё вилоятида ички ишлар идораларининг вояга етмаганлар билан ишлаш тизими нега қониқарсиз баҳоланди?

Қашқадарё вилоятида 3 миллион 89 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда, шундан вояга етмаганлар 1 миллион 87 минг нафарни ташкил этади. Назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар 2017 йил I чорагида 69 нафарни ташкил этган. Маълум бўлишича, 20 нафар вояга етмаган болага ота-онаси умуман қарамайди. Ҳудудий комиссиялар томонидан вояга етмаганларга нисбатан 160 та, ота-оналарига нисбатан эса 1607 маъмурий иш кўриб чиқилган. Вилоятдаги умумтаълим мактабларида 327 нафар ўқитувчи етишмайди.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хулқи ижобий томонга ўзгарган вояга етмаганларни ички ишлар идоралари профилактик ҳисобидан чиқариш бўйича ишлар қониқарсиз ташкил этилган.

Айрим таълим муассасаларида тарбияси оғир, жиноят содир этишга мойил бўлган ўқувчилар ҳамда нотинч оилаларнинг фарзандлари билан таълим-тарбия ишлари етарлича олиб борилмагани оқибатида 153 нафар академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиси томонидан турли жиноятлар содир этилган.

Тизимдаги мазкур камчилик ва муаммолар Олий Мажлис Қуйи палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан 2017 йил давомида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Қашқадарё вилоятидаги ижроси юзасидан бўлиб ўтган назорат-таҳлил жараёнида аниқланган.

Шунингдек, қўмита ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган назорат-таҳлил жараёнида қонун ижросини таъминлашга бевосита масъул бўлган ҳокимият мутасаддилари, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг мана шу йўналишдаги фаолияти таҳлил этилган.

Нурилло Насриев, ЎзА
11 086