Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 17:11 Чоп этиш версияси

Қашқадарё: истиқлол нуридан яшнаган воҳа

Қашқадарё: истиқлол нуридан яшнаган воҳа Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Халқимиз фаровонлиги юксалиб, онгу тафаккуримиз, ҳаётга, меҳнатга муносабатимиз тубдан ўзгарди.

Ўтган йиллар мобайнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз ғоят мураккаб бир шароитда оғир синов ва иқтисодий қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди. Ғалла ва ёнилғи-энергетика мустақиллигига тўла эришилди. Иқтисодиётимизда чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Ўзбекистон собиқ тузум даврида асосан хомашё етказиб беришга ихтисослашган ва иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган ўлкадан саноати йил сайин юксалиб, ҳар томонлама тараққиётга эришаётган қудратли давлатга айланди.

Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқлар замонавий қиёфа касб этди, йирик ишлаб чиқариш қувватлари, турар жойлар, йўл ва кўприклар барпо этилди. Бу гўзал ва бетакрор вилоятнинг ўзига хос хусусияти, аввало, унинг меҳнаткаш ва ориятли одамлари бўлса, турфа табиати ва ер ости бойликлари ҳудуд иқтисодий тараққиёти манбаидир.

Ғузор, Нишон, Миришкор, Муборак, Косон туманлари углеводород қазилмалари, Қамаши, Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз, Деҳқонобод туманлари тоғли маъданлар ва фойдали норуда тоғ жинсларига, ноёб кимёвий элементларга бой. Мамлакатимизда қазиб олинаётган газнинг 64, нефтнинг 67, газ конденсатининг 87,4 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келаётир. Вилоят ҳудудида калий тузи, мармар, керамзит, ёнувчи сланец, тошкўмир, қўрғошин, марганец, чинни тоши, бентонитли гил, қумли глауконит каби ўндан ортиқ турли фойдали қазилмалар мавжуд. Воҳанинг ҳайвонот ва наботот олами, деҳқончилик таркиби ҳам ғоят ўзига хос.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар самарасида ерга, меҳнатга муносабат ўзгаргани, деҳқончилик маданияти юксалганини Қашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга ортаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мамлакатимизда етиштирилаётган ғалланинг 13, пахтанинг 14 фоиздан ортиғи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади.

Вилоятда саноат изчил ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда бу соҳанинг улуши 38 фоизни ташкил этаётгани бунинг ёрқин далилидир. “Шўртан нефть-газ”, “Муборак нефть-газ” корхоналари, “Шўртан газ-кимё" мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси, “Ҳисор нефть-газ” сингари йирик ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз саноатида ҳам алоҳида ўрин тутади. “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” каби қўшма корхоналар ҳам юртимиз иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этаётир.

20.jpg

Мустақиллик йилларида вилоятнинг тоғли ҳудудларига ҳам темир йўл кириб келиши бу ерда мавжуд улкан хомашё захираларидан фойдаланиш имконини берди. Айни пайтда ушбу табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўл линияси юртимизнинг жанубий вилоятларини жадал ривожлантириш, ҳудуддаги фойдали қазилма бойликларини самарали ўзлаштириш, ижтимоий инфратузилмани тараққий эттиришга хизмат қилаётир. Ушбу ўзгаришлар туфайли ташкил этилаётган саноат корхоналари ҳисобига тоғли туманлар, олис қишлоқлар инфратузилмаси ривожланмоқда. Тошкент – Қарши йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поезди қатнови йўлга қўйилгани аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилаётир.

Вилоятда ялпи ички маҳсулот барқарорлигини, иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик муҳим ўрин тутмоқда. Тадбиркорликни ташкил қилиш ва юритишда харажатлар камайтирилиши, кичик бизнес субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида катта имтиёзлар яратилгани соҳа фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Вилоят тадбиркорлари томонидан мармар ванна, мармар плита, сувли бўёқ (водоэмульсия), рангли брусчатка, қуруқ шпатлёвка, микрокальцит, канализация қувурлари, турли ўлчамдаги полиэтилен қувурлар, профнастил, пеноблок, пишиқ ғишт ва бошқа кўплаб янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу четдан қурилиш материаллари келтиришнинг, ортиқча вақт ва харажатнинг кескин қисқаришига олиб келмоқда. Масалан, вилоятда 1991 йилда 17 ғишт заводи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда ғишт заводлари 170 дан ошди.

Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. 2009-2016 йилларда 92 массивда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги 7 минг 500 дан ортиқ уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 13 туманнинг 32 массивида 1 минг 523 уй-жой қурилиши давом эттирилмоқда.

Янгиланган намунавий арзон уй-жойларда 148 пудрат ташкилоти томонидан курилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда ва қурилиш ишларига 13 минг 170 ишчи жалб қилинган. 2017 йил 1 июль ҳолатига кўра, Қарши шаҳрида 94, Китоб туманида 60, Чироқчи туманида 30, Шаҳрисабз туманида 71, Яккабоғ туманида 25, Муборак туманида 10, Ғузор туманида 30 уй-жойда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, белгиланган тартибда фойдаланишга топшириш арафасида.

Ушбу массивларда 63,6 километрлик сув ва 37,1 километрлик электр тармоғи тортилади, 27,6 километр ички йўллар таъмирланади, 138 ҳовуз барпо этилиб, 30 трансформатор ўрнатилади. 9 массивда 18,9 километр табиий газ тармоғи тортиш, 23 массивда муқобил ёқилғи – газ баллони тарқатиш кўзда тутилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24-25 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқ ва вазифалар ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга, мухтасар айтганда, замонавий турмуш шароити яратишга қаратилган. Хусусан, Қарши шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган қурилиш ишларини молиялаштириш манбалари ва масъуллари белгилаб олинди.

5-.jpg

Соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни бартараф этиш, жумладан, вилоят марказида Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг 120 ўринли кардиожарроҳлик бўлими, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 150 ўринли Қарши филиалини қуриш, вилоят юқумли касалликлар шифохонасини капитал таъмирлаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун 100 миллиард сўм ажратилди. Бу объектларни шу йилнинг 1 декабрида ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида вилоятнинг туризм салоҳияти ва мавжуд ноёб тарихий-маданий меросидан самарали фойдаланиш, тарихий архитектура ёдгорликлари ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Президентимизнинг Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларига борадиган сайёҳларнинг Шаҳрисабзга ҳам келишини таъминлайдиган қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан берган кўрсатмалари амалга оширилмоқда, Шаҳрисабз шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари билан тасдиқланди.

Дарҳақиқат, вилоятда туризмни ривожлантиришда Шаҳрисабзнинг ўрни беқиёс. Шаҳарда жами 39, жумладан, Амир Темур ва темурийлар даврида қурилган 18 меъморий обида мавжудлиги ҳам буни яққол исботлайди. Бундан ташқари, Мақом маркази ва Болалар мусиқа ва санъат мактабида шаҳарга келадиган хорижий сайёҳларга ўзбек мумтоз санъатидан баҳраманд бўлиш имконияти яратилди. “Afrosiуob” тезюрар поезди қатновини Шаҳрисабзгача йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам туризмни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, 2017-2018 йилларда Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.

Ҳудуднинг йирик туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда 12 тарихий-маданий объектни қайта тиклаш ва таъмирлаш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, меҳмонхона, ресторанлар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация қилиш режалаштирилган. Экотуризм йўналиши бўйича тоғ ва тоғолди ҳудудларида сайёҳларнинг мароқли дам олиши учун барча шароит яратилган.

Агротуризм соҳасини ривожлантириш мақсадида Китоб тумани токзорларида “Вино дегустацияси”ни йўлга қўйиш, Экстремал туризм соҳасида Муборак тумани чўлларига квадроциклларда сафар уюштириш, тарихий-маданий туризм соҳасида Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказида “Зафарли юриш” ва “Шоҳ базми” театрлаштирилган томошаларини мунтазам ташкил этиш мўлжалланган. Бу ишларнинг дебочаси сифатида вилоят тадбиркорлари жорий йил 13-14 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилган кўргазмада хорижий ва маҳаллий турфирмалар билан 200 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзолади.

Айни пайтда инвестициялар, айниқса, хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб этиш, кўплаб янги ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш орқали реал иш жойлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги ва даромадини янада оширишга, энг муҳими, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада кейинги 5 йилда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Инвестиция дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши жуда муҳим ўрин тутади, Ушбу дастурда саноатда, бутун иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича энг муҳим вазифалар белгиланган. Вилоят иқтисодиётига кейинги 5 йил давомида барча манбалар ҳисобидан 36 триллион 586 миллиард сўмдан зиёд инвестиция жалб этилади. Инвестицияларнинг 80 фоизга яқини бевосита ишлаб чиқаришни янгилашга йўналтирилиши алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу тадбирларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, вилоятдаги давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 14,2 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга 5 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 145 минг 985 тонна пахта толасининг 7 фоизи қайта ишланди. 57 кичик корхона ва микрофирмада трикотаж-тикувчилик маҳсулотлари, тайёр кийим-кечаклар ва бошқалар ишлаб чиқарилмоқда.

Жорий йилда 32,3 минг тонна толани қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқарадиган 2 янги корхона ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Битта корхонада модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар самарасида жорий йил охирига бориб, 46,5 минг тонна толани қайта ишлаш имконияти яратилади ва қайта ишлаш даражаси 32 фоизга кўтарилади. Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 48 корхона ишга туширилади.

Қарши туманида барпо этилаётган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ЛТ Текстиль Интернейшнл” Ўзбекистон – Хитой – Нидерландия қўшма корхонаси энг замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда. Корхонанинг биринчи босқичи – йилига 15 минг тонна аралаш (пахта ва синтетик тола) ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси якунига етказилмоқда, мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида ишга туширилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида йилига 50 миллион квадрат метр газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 800 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини янада кенгайтиради. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури асосида вилоят ҳудудий дастури ишлаб чиқилди. Унда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 2,69 триллион сўм ва 204,1 миллион доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига 1,84 триллион сўм ва 4 миллион доллар эвазига 85 банддан иборат чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Айни пайтгача 1,25 триллион сўм ва 3,9 миллион доллар миқдоридаги ишлар амалга оширилди. Сарфланган маблағларнинг 42,7 миллиард сўми бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар, 440,7 миллиард сўми ҳомийлар ва ижрочилар ҳамда 770,5 миллиард сўми банк кредитлари ҳиссасига тўғри келади.

Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлок хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш, паррандачилик ва асаларичиликни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 289,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг январь ойида медиа-режа тасдиқланди. Айни пайтда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудидаги ваколатига кирадиган барча масалаларни ишчи гуруҳи орқали ўрганиб, жавоб хатини ўз имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига юбормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан вилоят ҳокимлигига жорий йил 1 июль ҳолатида 30 минг 743 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 29 минг 561 тасига жавоб берилган, 1 минг 182 таси ўрганиш жараёнида.

Вилоят ҳокими ва ҳоким ўринбосарларининг туман ва шаҳарлардаги сайёр қабуллари фуқароларга қулайлик яратиш билан бирга, улар томонидан кўтариладиган масалаларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда. Сайёр қабулларда масалаларга дахлдор вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳам иштирок этаётир.

Фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган масалалар вилоят ҳокимлиги томонидан мунтазам таҳлил этилиб, уларни келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва олдини олиш чораларини белгилаш мақсадида ҳар ой якунида вилоят ҳокимлиги аппарати ходимларининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этиб борилмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йилнинг ўтган олти ойида вилоят ҳокими ва ўринбосарлари томонидан жойларда 101 марта сайёр қабул ташкил этилди.

Шу кунларда барча шаҳар ва қишлоқларда, меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда, ҳар бир хонадонда биз учун энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик шодиёнасини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мустақиллик бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, тўкин ва фаровон дастурхонимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди. Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шууримизда, тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамияти, мустақиллик аталмиш улуғ неъматнинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теран англаймиз. Бундай юксак туйғулар бугун барча юртдошларимиз қатори Қашқадарё вилоятида яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалбида жўш урмоқда, уларни янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Зафар Рўзиев,
Қашқадарё вилояти ҳокими.

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 520






Все о погоде - Pogoda.uz