Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.09.2018 14:54 Чоп этиш версияси

Қасамёдига содиқ ўғлонлар

Қасамёдига содиқ ўғлонлар Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида мазкур олий таълим муассасасига қабул қилинган тингловчиларнинг ҳарбий ва божхоначи қасамёдини қабул қилиш тантанали маросими бўлиб ўтди.

Давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган божхона хизмати мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлиги ва манфаатлари ҳимоячисидир. Табиийки, Олий ҳарбий божхона институти бу жараёнда тафаккури кенг, замонавий, фидойи ёш кадрларни тайёрлаб бераётган таянч олий ўқув юрти ҳисобланади.

Олий ҳарбий божхона институтида ҳозирги кунда “Божхона иши” ва “Божхона хуқуқи” мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар мазкур даргоҳда таҳсил олган мингдан ортиқ божхоначи кадрлар мамлакатимизнинг турли божхона органларида хизмат қилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов ва бошқалар божхона хизматининг энг муҳим мезони – адолатли бўлиш, қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини алоҳида таъкидлади.

Институтда йўловчилар божхона расмийлаштирувини ташкил этиш, криминалистика техникаларини ўрганиш, интерактив электрон ўқув дастурлари ўрнатилган синфлар, божхона постининг моделлаштирилган ўқув аудиторияси, хорижий тилларни амалий ўрганиш лингафон аудиториялари, ҳарбий машғулотлар хоналари, божхона экспертизаларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий воситалар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, автомобиль тайёргарлиги бўйича махсус ўқув тренажёрлар ҳамда транспортда амалий машқлар ўтказиш синфлари мавжуд.

Тренинг машғулотларини амалиётга яқинлаштириш мақсадида ўқув майдонига темир йўл вагони, автобус, фура ва контейнерлар келтирилган. Шунингдек, иккита замонавий ётоқхона, кутубхоналар, спорт мажмуаси, тренажёр заллари, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти ва бошқа зарур иншоотлар тингловчилар ихтиёрида.

– Юртимиз божхонаси – Ватанимиз остонасидир. Бу остонанинг поклиги, ундан ёвуз ниятлар ва ғаразли кимсалар ўтмаслиги кўп жиҳатдан бўлажак божхоначиларга боғлиқ, – дейди тингловчи Сардор Эшонқулов. – Бугун қасамёд қабул қилган биз, тингловчилар ҳам келажакда ана шу масъулиятни чуқур англайдиган божхона хизматининг профессионал ходимлари бўлиб етишамиз, албатта.

Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага хушкайфият бағишлади.

Нурилло Насриев, ЎзА