ЎзА Ўзбек

15.07.2018 08:00 Чоп этиш версияси

Қасам – тилни ҳам, дилни ҳам заҳарлайди

Қасам – тилни ҳам, дилни ҳам заҳарлайди – Кеча тушликка яқин қайта-қайта қўнғироқ қилсам ҳам нега жавоб бермадинг?

– Айтяпман-ку, ошхонада овқат қилаётгандим, эшитмай қолибман. Биласиз, телефон ишлатишимни уйдагиларга сездирмасликка ҳаракат қиламан. Шу боис овозини “без звук” қилиб қўяман...

– Яна алдаяпсанми, Гулноз? Бу гапларингни ҳеч бирига ишонмайман. Доимгидек сафсата тўқияпсан-а?

– Нимага ишонмайсиз, ростини айтяпман ахир!

– Йўқ, бу сўзларингга умуман ишонмайман. Агар ҳозир сизни алдаётган бўлсам, ... бўлай деб, қасам ичсанггина сўнг сўзларинг чинлигига амин бўламан...

Сўлим ва гавжум истироҳат боғида кетаётиб, бехосдан икки ёшнинг юқоридаги жанжали устидан чиқиб қолдим. Назаримда, улар “севишган”лар эди. Қиз бечора қароқлари ёшга тўла ҳолда йигитга сўзларининг ростлигини айтишга қанчалик уринмасин, “Мажнун” эса бу сўзларга сира ишонмасди. Ярим соатларча давом этган “учрашув” интиҳосида “ошиқ” севган “маҳбуба”сини қасам ичишга ундади. Унинг оғзидан чиқаётган сўзларни эшитган кишининг капалаги учиши аниқ эди.

Бугунги кунда бу каби “манзара”ларга тез-тез гувоҳ бўлаётганимиз рост. Ёлғон қасам ичиш ҳолатлари кўпинча эркаклар, айниқса, ўсмир йигитлар орасида учраб туриши ҳеч биримизга сир эмас. Ҳаттоки, айримларимиз оний қасамларни эшитавериб, бунга кўникиб ҳам кетганмиз.

– Ислом динида қасам ичиш кескин қораланган, хунук ҳисобланган одатдир, – дейди Шаҳрихон туманидаги “Намозгоҳ” жомеъ масжиди имом-хатиби Юсуфжон Қаҳҳоров. – Ёлғон қасамку катта гуноҳ, шариатда рост қасам ичишдан ҳам қайтарилган. Кўпчилик қасам ичишни оддий нарса деб билади. Ўзаро суҳбат қилиб туришганда гапига бошқаларни ишонтириш мақсадида “нон урсин”, “тил тортмай ўлай”, “кўзим чиқсин” сингари ибораларни келтиришади. Буларнинг бари хато, гуноҳ.

– Қасам ичиш психологияда “региденсия”, деб номланиб, бу сўз ишонч қозониш ёки йўқотилган ишончни қайта тиклаш деган маънони англатади, – дейди психолог Отабек Мухторов. – Психология фанига қасам дин орқали кириб келган. Қасам ва қарғиш ўзаро бир-бири билан ёнма-ён юрадиган омиллардир. Бу салбий иллат умумий ҳолатда тарихдан ва ибтидоий тузум давридан маълум бир диний оқим орқали илдиз отиб, шаклланиб келинган. Баъзан қасам инсонларни салбий ҳолат ва вазиятлардан олиб чиқиб кетиш жараёнида ижобий натижа кўрсатади. Аммо бу ҳар доим ҳам фойда келтиради дегани эмас. Кўпчиликни қандай одамлар қай вақтда қасам ичиши қизиқтириш табиий, албатта. 

Одатда ўзига ишонган, жиддий, ҳар бир ишни ўринлатиб қиладиган кишилар қасам ичмайдилар. Аксинча, шахсияти заиф, жиддиятсиз, қўлидан бир иш келмайдиган ва ўзига бўлган ишончни йўқотган кишилар қасамхўр бўладилар. Бу яхшиликка олиб келмайдиган амалдир. Яна шундай кишилар борки, улар ахлоқсиз, маънавий бузуқ одамлар бўлиб, бирор мол-у дунёга эришиш учун, бировни айбдор қилиш ёки оқлаш учун, одамларга ўзини яхши кўрсатиш ёки уларнинг ишончларни қозониш учун ва бошқа мақсадларда ёлғон қасам ичадилар. Психолог сифатида, қасам тўлиқ ҳолатда ижобий натижа бермаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Кўпчилик, айниқса, йигит кишининг қасам ичиб, бошқаларни ишонтиришга уринишига мутлақо қаршиман. Сабаби, у қасам ичиш ўрнига айтган сўзининг уддасидан чиқиши керак. Аёллар бор жойда эркаклар қасам ичса, бундай оилада соғлом психология ҳамда ишонч қарор топмайди. Шундай экан ҳар бир инсон ўз иш фаолиятида ва ҳаётида қасам ичишга мойил ёки ўрганиб қолмаслиги зарур.

Дарҳақиқат, бугун тобора болалаб бораётган, шунчаки вазиятдан чиқиб кетиш учун ичилаётган қасамларнинг интиҳоси нима билан тугашини барчамиз яхши билсакда, аммо, айрим ҳолларда кўпчилигимиз яна қасамни “оби-ҳаёт”дек симириб ичаверамиз. Кимдир “нон урсин!” деса, бошқа биров отаси ёки фарзандлари билан қасам ичади. Айримлар эса “фалон ишни қилсам кофир бўлиб кетай”, дейди ва ҳоказо.

Барчамизга яхши аёнки, азал-азалдан миллатимизнинг эр-йигитлари айтган сўзининг уддасидан чиқиб, кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиб келган. Ҳозир эса айрим ака-укаларимизнинг асоссиз қасам ичишлари, қўлларидан келмаган ишга ҳам катта ваъдалар бериши кўнгилни хижил қилади. Гўё улар йигит кишининг айтган ҳар бир сўзи аслида қасам эканлигини унутишгандек...

Миролим Исажонов

ЎзА
7 757