ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Асаларичиликнинг замонавий тажрибаси

Асаларичиликнинг замонавий тажрибаси
Қарор ва ижро

Мамлакатимизда асаларичилик қишлоқ хўжалигининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Асалари боқиш, асал етиштириш ва сотиш билан шуғулланувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутмоқда. Қарор ижроси доирасида “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси тузилиб, ҳозирги кунда у “Апимондия” Халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлган.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2017-2021 йилларга мўлжалланган "Асаларичиликни комплекс ривожлантириш дастури"ни амалга ошириш давом этмоқда. 

Бунда замонавий технологияларни жорий этиш, асаларичиликдаги илғор тажрибалар, тайёр маҳсулотни реализация қилиш маркетингини ўрганиш катта аҳамият касб этади. Шунга боғлиқ ҳолда “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси Россия, Исроил, Украина ва Германия давлатларининг илмий ва таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатиб, уни кенгайтирмоқда. 

– Ҳозирги кунда истеъмолчилар бозорини талабгир экологик тоза маҳсулот билан тўлдириш, унинг экспортини ошириш, асаларилар билан қишлоқ хўжалиги ўсимликларини чанглантириш агротехника усулини кенг жорий этиш имконини берувчи ушбу тармоқни янада ривожлантириш зарур, – дейди фарғоналик асаларичи Шерали Суюнқулов. – Бир неча йил мобайнида уч гуруҳ ўзбек мутахассислари Исроилдаги замонавий асаларичилик тажрибасини ўрганди. Биз, бир гуруҳ асаларичилар бир неча минг асалари оиласига хизмат кўрсата олишини ўз кўзимиз билан кўрдик. Маҳсулотни қайта ишлаш, уни қадоқлаш, чиройли безатиш ишлари замонавий ускуналарда амалга оширилади, асални сотиш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. Навбатдаги сафар "Ўзбекистон асаларичилари" ҳудудий раисларининг махсус саноат асаларичилигини ривожлантириш усулларини ўрганиб келиши учун ташкиллаштирилди. 

Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси билан MASHAV – Исроил давлати Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Ривожлантириш йўлидаги халқаро ҳамкорлик ассоциацияси ҳамкорлик қилмоқда. Кичик грантлар дастури доирасида вилоят асаларичилар уюшмаси маркази ташкил этилди. Уюшманинг 20 аъзоси шу мамлакатнинг тайёрлов курсларида таълим олиб қайтди. Таништирув ва таълим дастурлари бошқа ҳудудлардаги асаларичилик соҳаси вакиллари учун ҳам ташкил этилади. Масалан, Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудидан 13 уюшма раҳбари ва йирик фермерлар асаларилар ёрдамида қишлоқ хўжалиги экинларини чанглантириш, асал сифати стандартлари, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш ва асаларилар саломатлиги каби йўналишларда Исроил давлатида тажриба оширади.

Бу йил коронавирус пандемияси сабаб MASHAV ўз ишини онлайн тартибда давом эттирмоқда. Яқинда асаларилар популяциясини асраш, уларнинг бутун экотизимдаги тутган муҳим ўрни масалаларига бағишланган навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

1 467
О.ХАРЧЕНКО, ЎзА