ЎзА Ўзбек

08.08.2018 17:49 Чоп этиш версияси

Асад суви – асал сув

Тошкент вилояти Бўка тумани пахтакорлари 12 минг 626 гектар майдонда "Султон" навли ғўза парваришлаётир. Маҳаллий иқлимга мос, серҳосил ғўзанинг ривожи баравж. Айниқса, 2 минг 126 гектардаги ғўзалар 9-10 донадан кўсак туккан.

“Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” доирасида 672 фермер хўжалигининг ишчи, сувчи ва механизаторлари ғўза ривожида муҳим палла – август ойининг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишга астойдил бел боғлаган. Ғўза парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, отрядларга бириктирилган 200 культиватор ёрдамида кунига 1 минг 300 гектардаги ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда. 1 минг 100 гектарда чилпиш ишлари олиб борилаётир.

– Президентимиз раислигида 31 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ғўза ривожини жадаллаштириш билан боғлиқ зарур вазифалар белгилаб берилди, – дейди Бўка тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И.Жўраниёзов. – Шунга мувофиқ, ғўзани қўшимча озиқлантириш, зараркунандаларга қарши курашиш, ғовлашининг олдини олиш бўйича зарур чоралар белгиланиб, бор куч ва имконият ишга солинмоқда. Бу борада айниқса, ғўзани асад сувига қондиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Дарҳақиқат, ғўзани асад ойида меъёрига етказиб суғориш жуда муҳим. Чунки бу ой шоналар гулга, гуллар кўсакка, кўсак эса лўппи-лўппи пахтага айланадиган пайт. Уста пахтакорларнинг таъкидлашича, ғўза асад сувига қонмаса, гул ташлайди. Оқибатда ҳосилдорлик пасаяди.

Маълумотларга кўра, туманда ҳар гектарига 5 тоннадан, қўшқатор ғўза парваришланаётган 3 минг гектарга эса 6 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарилиб, “шарбат” усулида суғориш жорий этилган. Айни пайтга қадар аксарият пахта далалари ана шундай усулда 2 марта суғорилиб, учинчи сув берилмоқда.

Туманнинг “Шароф бобо Тоир ўғли“ фермер хўжалиги ҳақида бундай деб бўлмайди. Боиси, фермер хўжалиги миришкорлари томонидан 17 гектар майдонда парваришланаётган ғўзанинг асосий қисми шу кунга қадар бир марта суғорилган. Бор-йўғи 4 гектардаги ғўза эндигина иккинчи сувдан чиқди.

– Ғўза ривожи баравж, шиғил кўсакламоқда, – дейди хўжалик раҳбари Ш.Шаропов. – Уни зудлик билан суғормасак, ҳосилдан ажраб қолишимиз тайин. Аммо суғориш жараёни жуда оғир кечмоқда. Хўжаликка сув маҳалла ва далалардан ўтиб келиши сабабли кутилмаганда тўхтаб қолади. Борсанг, кимдир унга эга чиққан бўлади. Масофа анча олис. Сувни яна олиб келгунча вақт бой берилади...

Авазбек Худойқулов, ЎзА
4 943