ЎзА Ўзбек

23.08.2018 13:37 Чоп этиш версияси

Асад бобонинг хотиралари

Асад бобонинг хотиралари

Яқинда иш юзасидан Навоий вилоятига боришимга тўғри келди. Йўл олис. Машина равон йўлда шамолдек елиб борарди. Ҳамроҳларимдан бири ёши улуғ отахон кенг ва равон йўлларимизга қараб кетар экан, Сирдарё кўпригидан ўтаётганимизда гап бошлади:

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан

– Ажойиб замонлар келди-да. Қаранг, бир пайтлар чўлу биёбон бўлган бу ерлар энди бўстонга айланган. Одамнинг қўли гул-да. Мана бу биноларни айтмайсизми, ўғлим, булар қачон қурилган, – сўради нуроний.

– Буларнинг қурилганига ҳам 5-6 йил бўлиб қолди. Мана бу олд қатордагилари савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси, буниси ресторан. Энг кейингиси кемпинг, – деди ҳайдовчи.

– Ҳа, юртимизга кўз тегмасин кундан-кунга чирой очиб боряпти. Буларнинг ҳаммаси мустақиллик шарофати билан-да болаларим, – деди отахон. 

Умуман касб тақозосиданми ёки йўловчи эканимни ҳисобга олибми, ҳарқалай қари билганни пари билмас, деганидек, у киши билан яқиндан танишдим. Асад бобо Самарқанд вилоятидаги хўжаликлардан бирида узоқ йиллар бригадир, агроном бўлиб ишлаган экан. Қисқа танишувдан кейин нуроний давом этди: 

– Бундан 30 йиллар илгари Тошкентга келмоқчи бўлсак, поездда қарийб икки кун йўл юрардик. Мабода автобусда келмоқчи бўлсак, бу ҳам “бош оғриғи” эди. Шалоғи чиққан автобуслар манзилга етиб келгунча қизиб кетаверар, ҳа деб тўхтайверганидан безиб қолардик. Ҳозиргидек, енгил машиналар қаёқда дейсиз. Бори ҳам анқонинг уруғи эди. Эски “победа”ю, ярим йўлга бормай бузилиб қоладиган “москвич”лар бўларди. Сиздек навқирон ёшимда иш юзасидан Тошкентга кўп келиб кетардим. Ишни битириш учун ҳафталаб қолиб кетардик. Идорама-идора ҳужжат кўтариб, юрганларимни эсласам кўнглим бузилиб кетади. Бюрократия эди ўша даврлар.

Бир куни шаҳарнинг нариги чеккасида жойлашган бошқармага боришимга тўғри келди. Бу ердан ҳужжатни имзолатиб, кейин ортга қайтишим керак эди. Кун иссиқ. Автобусга чиқиб, ҳайдовчидан борадиган манзилим ҳақида сўрадим. У бўлса, гўё менга беписанд қарагандек, рус тилида жавоб берди. Мен рус тилини билмасдим. Ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Автобусдан ҳар бир бекатда одам тушиб-чиқади. Кўп ўтмай ҳайдовчи манзилимга келганимни айтди. Бекатдан тушиб, баландпарвоз шиорлар илиб қўйилган бинонинг ёнига келдим. Ҳатто, ташкилот номи ҳам рус тилида ёзиб қўйилган эди. Идорада ҳужжатга имзо қўйдириш учун навбат бўлмаса ҳам жуда кўп вақт кутдим. 

Ниҳоят кечки пайт котиба ҳужжатларни қўлимга тутқазди. Ортга қайтдим. Кечки овқатни қилиш учун йўлда бир нечта ошхоналарга кирдим. Афсус, уларнинг аксариятида жойлар банд, жой борида эса иш вақти тугаган эди. Биласизми, умуман, ўша йиллари Тошкентда ошхоналар кўп эмасди. Ноилож магазиндан бирон нарса оламан деб, кирганимни биламан, охири кўринмайдиган навбатга дуч келдим. Деярли икки соатдан сўнг навбатим етиб келганда, магазинда деярли ҳеч нарса қолмаган, бунинг устига вақт алламаҳал бўлганди. Ўзимга тасалли бериб, меҳмонхонага кетдим. Эртаси куни ишлар битди. Уйга қайтиш олдидан магазинларни айланиб, болаларимга совға-салом олмоқчи бўлдим. Битта каттароқ магазинда яхши нарсалар деярли йўқ эди. Чиқиб кетаётганимда сотувчининг пештахта тагидан харидорга узатаётган бежирим сумкача эътиборимни тортди. Қизимга шундан олиб бораман. Бўларкан-ку, асл нарсалар, менга ҳам шундан беринг, дедим. Сотувчи қизариб-бўзариб, менга рус тилида бу ердан жўнаб қолишим кераклигини айтди. Шунда фиғоним фалакка чиқди. Мен сўраган нарсани нега бермайсиз, деб ўз тилимда гапирганимни биламан нега рус тилида гапирмайсан сендақаларни жойинг қамоқда, деб сотувчи аёл аюҳаннос кўтарди. Ҳеч нарса демай чиқиб кетаётганимда милиционер келиб нима бўлганини сўради. Кейин мени ўзи билан бўлимга олиб кетди. Милиция идорасида бор гапни айтиб берганимдан сўнг қўйиб юборишди. 

Отахон бир оз тин олди. Сўнг чуқур хўрсиниб сўзида давом этди. 

– Мустақилликдан олдин дўконларимиздаги молларнинг 95 фоизи республикамизга четдан келтирилган. Кийим-кечак дейсизми, кир ювиш кукуни ҳатто гугурт билан туз ҳам четдан келтирилган. Расмий идораларда ўзбек тилида гапирилмасди. Гапириб кўринг, эшитадиганингизни эшитардингиз ёки хайфсан олардингиз. Мактабда тўртинчи синфда ўқийдиган бола билан савол-жавоб қилсангиз, ҳозирги иккинчи синф боласи биладиган жавобни зўрға берарди. Бунинг асосий сабаби нимада эди? 

Ўқувчилар янги ўқув йилини интиқлик билан кутар, ўқув йили бошлангач, бир ҳафта ўтмай синф хоналари пахта даласига “оқ олтин” теримига алиштириларди. Терим қишгача давом этар, декабрнинг изғиринли кунларида мактабда ўқиш бошланар, деразасидан ғув-ғув шамол ўтиб турадиган абгор ҳолдаги синф хоналарида дарс ўтиш қийин эди. Бундай вазиятларда ўқитувчилар ўқувчиларга жавоб бериб юборарди. Дарслар ўлда-жўлда ўзлаштирилган. Энг ачинарлиси шўролар томонидан тузилган сохта тарих дарси ўқувчиларнинг онгига сингдириларди. Марказда ўтириб, бизни қолоқдан олиб қолоққа солган, гўё халқимизга “маданият” олиб келган “оғалар” фақат бизга эмас, ён-атрофимиздаги бошқа республикаларда яшовчи халқларга ҳам сизлар маданиятни ва бошқа соҳаларни биздан ўзлаштирдингиз, дейишдан чарчамасди. Собиқ тузумнинг маккор ва ғаддол сиёсати туфайли ўзбек оиласидаги исмлар ҳам бузиб айтилган. Масалан, Шомилни Шамил, Холтўрани Халтура, деб чақиришгани, уларнинг исмлари “метркаларга”га хато ёзилиб кетаверган. Тоҳир ва Зоҳир Таир, Заир, хуллас санасанг адоғи йўқ буларнинг. 

Ҳайдовчимиз тамадди қилиб олиш мақсадида машинани йўл бўйидаги кафега бурди. Ёзнинг жазирамасида салқин, мижоз кети узилмайдиган ошхонада овқатланиб, йўлга тушдик. Табиийки, ҳамроҳларим ва мен нуроний билан узилиб қолган суҳбатимизни давомини кутардик. Шуни кутиб турган Асад бобо давом этди:–Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилганида қувонганимдан кўзимга ёш келганди. Чунки ўша шўролар даврида тилимизга бўлган эътиборни сизларга қисман бўлса-да айтиб ўтдим. Тўғриси, пойтахт жуда гўзаллашиб кетибди. Мустақиллик майдонини бир бориб кўрайлик, деб йўлга тушдик. Янги иморатлару кўприкларни кўриб ҳайратландим. Айниқса, Бунёдкор кўчасидаги йўл ўтказгич менга жуда маъқул келди. Одамлар ўтиши учун ҳам машиналар ўтиши учун ҳам қулай. Мустақиллик майдони ва унга туташ Хотира майдони бўйлаб сайр қилдик. 

Бу ёғига йўлимиз унчалик олис эмас. Мустақиллик даврининг иншоотлари намунавий уй-жойлар билан бошланадиган Оқдарё туманидан ўтиб, Самарқанднинг янгиланиб, яшариб бораётган Иштихонни ҳам ортда қолдирдик. Мана отахоннинг манзили Каттақўрғон туманидаги Қиймадўз қишлоғи. Шу ерга келганда, йўл бўйи қадрдон бўлиб қолган Парда бобо билан хайрлашиб, манзил сари илдамладик. Ҳа, кўпни кўрган бу нуроний сиймосида ҳаётдан мамнунлик, ўтаётган умрдан шукроналик ҳиссини туясан киши. Халқимиз асрлар давомида орзу қилиб келган, бундан 26 йил муқаддам эришилган мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Акбаржон Абдураимов
5 628