ЎзА Ўзбек

27.05.2020 Чоп этиш версияси

Асқаржон Тошматовга уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади

Асқаржон Тошматовга уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида ўтказилган йиғилишда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш, хусусан, Андижон вилоятида 819 та оилага субсидия ажратиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой, маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Эндиликда фуқароларнинг субсидия олиш учун талайгина ҳужжатлар тўплаб, қатор идораларда сарсон бўлиб юриш ҳолларига чек қўйилади. Бундан буён аризалар Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилган доимий комиссияларда кўриб чиқилади ва кам таъминланган оилаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилади.

photo_2020-05-27_20-43-09.jpg

Ушбу комиссиялар таркибига банк, молия, солиқ, меҳнат, маҳалла ва бошқа идоралар вакиллари киритилади. Бундан ташқари, комиссия йиғилишида истаган фуқаро иштирок этиб, ўз фикрини билдириши, шунингдек, субсидия бериш масаласи кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳам мумкин.

Вилоятлар ҳокимликларига 2020 йилда уй-жой сотиб олиш учун кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга навбат билан субсидия тўлаш тартиби ва мезонларини ишлаб чиқиб, ўз ҳудудларида ижобий тажриба жорий этишлари зарурлиги бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Субсидия учун жорий йил бюджетидан 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратилади. Бу маблағ 16 мингта оиланинг шаҳар ва қишлоқлардан уй-жой сотиб олиши учун йўналтирилади.

photo_2020-05-27_20-43-12.jpg

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган, – дейди Избоскан тумани Давлат хизматлари маркази директори Лазизбек Мамадалиев. – Шунга асосан, Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия олиш учун аризаларни қабул қилиш жорий йил 1 мартидан бошланган.

Ана шунга асосан, Андижон вилоятида субсидия олиш истагида 125 нафар фуқаро ариза тақдим этган. Айни пайтда уларнинг ҳужжатлари туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган тегишли комиссиялари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Аризалар муҳокамасига кўра, Избоскан тумани комиссияси уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тумадаги Марказ маҳалласида яшовчи Асқаржон Тошматовга 200 миллион сўмдан юқори бўлмаган уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган бўлди.

photo_2020-05-27_20-43-01.jpg

– Торгина ҳовлида уч оила истиқомат қиламиз, – дейди Асқаржон Тошматов. – Ўн йилдирки уй олишга ҳаракат қиламиз. Бироқ, тирикчиликдан ортиниб, янги уй олишга имкон қила олмаяпмиз. Юртбошимиз ташаббуси билан қийналган оилаларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратилиши ҳақида эшитиб, ариза топширган эдим. Комиссия томонидан шарт-шароит, имкониятларим ўрганиб чиқилди, мурожаатим ижобий ҳал этилди.

Бутун оиламиз бундан беҳад қувондик. Чунки бизнинг неча йиллик орзуларимиз ушалади, ўз уйимиз бўлади. Биз каби қийин шароитларда яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаётган юртбошимизга, ҳукуматимизга мингдан-минг раҳмат.

Вилоятда уй-жой сотиб олиш учун субсидия ажратиш борасидаги ишлар белгиланган тартиблар доирасида давом этмоқда.

2 970
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА