ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Арзимас баҳоналар оила таназзулига сабаб бўлмасин

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 2 мингдан зиёд ажрим арафасида турган оилалар муаммоси ўрганилди.

Шунингдек, соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб қилиш мақсадида шаҳар ва туманларда очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Оила – муқаддас даргоҳ. Мамлакатимизда жамиятнинг бошланғич ва муҳим бўғини ҳисобланган оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки, барқарор давлат ва фаровон турмуш барпо этиш кўп жиҳатдан айни шу масалага боғлиқ. Халқимизнинг миллий-маънавий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда оила институтини ривожлантириш, бу соҳада йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган бўшлиқни тўлдириш ҳамда муаммолар ечими юзасидан изчил ишлар олиб борилаётгани фикримиз далилидир.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ягона тизим сифатида ташкил этилиб, жойларда унинг вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди.

– Мамлакатимизда оилалар маънавий ҳаётини юксалтириш, уларнинг фаоллигини таъминлаш, яратувчанлик салоҳиятини намоён этиш, нотинч-муаммоли оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш каби қатор масалалар асосий вазифаларимиздан саналади, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳамидахон Абдуғаниева. – Бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимларида малакали, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган 37 нафар олий маълумотли ходим давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик асосида иш олиб бормоқда. Яқинда шаҳар ва туман бўлимларига “Спарк” автомашиналари топширилди.

Бугунги кунда вилоятда оғир турмуш шароитида яшаётган 5 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бўлимлари томонидан уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилмоқда. Шу кунга қадар 1 минг 788 нафар ана шундай хотин-қизга тиббий ёрдам кўрсатилди, 904 нафарининг бандлиги таъминланди, 154 нафарига уй-жой берилди. 473 нафари уй-жой олиш учун тавсия этилди.

Шу кунга қадар туман ва шаҳар бўлимларида 2 минг 159 та ажрим арафасида турган оилалар муаммоси ўрганилиб чиқилди. Тадқиқот жараёнларида оилавий муросасизликлар эр-хотин ўртасига учинчи шахснинг аралашуви, мол-мулк билан боғлиқ можаролар, келиннинг хатти-ҳаракатларидан айб қидириш ҳолатлари аниқланган. Ҳатто майда маиший муаммолар сабаб ажрашишга қарор қилган оилалар ҳам бор. Тарғибот ишларининг тизимли ташкил этилгани, суҳбат-мулоқотлар, ёшларга панд-насиҳатлар, ўзаро келишувлар натижасида 1 минг 826 оилани яраштиришга эришилди.

Биргина август ойида Қўқон шаҳрида 82, Фарғона шаҳрида 50 оила яраштирилди. Нотинч, ажрим ёқасига келиб қолган 310 оила рўйхатга олиниб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, муҳитни соғломлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ажримларнинг яна бир сабаби қуда-андачилик муносабатларининг дарз кетишидир. Айрим қудалар меҳр-оқибат ва андишани унутиб қўймоқда, оила бахтини арзимас матоҳларга алишмоқда. Баъзи аёлларнинг мол-дунёга бўлган орзу-ҳаваслари ҳам ёш оила бузилишига олиб келмоқда.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида маҳалла фаоллари, отинойилари иштирокида аҳоли ўртасида ”Оила – муқаддас даргоҳ” мавзусида тадбирлар ўтказилди. Уларда оила билан боғлиқ барча масалалар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Тарғибот тадбирларида қизларнинг турмушга тайёр эмаслиги, ўз ҳуқуқ ва бурчини тўлиқ англаб етмаётгани, оилада эркак кишининг ўрни йўқолиб бораётгани таъкидланди.

Туман ва шаҳар бўлимлари раҳбарлари учун оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш мавзусида махсус ўқув курси машғулотлари ташкил этилди. Машғул
отларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ бўлимлари томонидан ҳар ҳафта пайшанба кунлари оила қуриш бўсағасида турган йигит-қизлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ”Оила дорилфунуни” номида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Оилавий қадриятларни асраш ва ривожлантириш, ички муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида “Ибратли келин”, “Ибратли қайнона”, “Ибратли оила” мавзуларида кўрик-танловлар ташкил этиш марказда яхши анъанага айланган.

Вилоятда низоли ва ажрим ёқасига келиб қолган 301 оиланинг муаммоси ўрганилиб, уларни ишга жойлаштириш юзасидан шаҳар, туман бандликка кўмаклашиш марказлари ва корхона-ташкилотлар раҳбарларига бу борада ёрдам бериш вазифаси юклатилди.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ёшлар оила қуришга тайёр эмас, уларда оилага, турмушга жиддий маcъулият ҳисси етишмайди. Оила психологияси илмининг муҳим вазифаси ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда нафақат қизлар, балки йигитларга ҳам уй тутиш, рўзғор тебратиш, поклик, ҳаё, андиша, қайнона-қайнотани чуқур ҳурмат қилиш, оила, никоҳ, фарзанд бурчи, оилавий муносабатлар одобини ўргатиш, йигитлик ғурури, қизлик шаъни ҳақида тушунча ва тасаввур бериб боришдир. Шунинг учун ҳам тарғибот тадбирларида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Арзимас сабаблар, айрим тушунмовчиликлар билан ҳам оилалар бузилиб, ажримлар сони кўпайиб бораётгани ташвишланарлидир, – дейди Фарғона шаҳридан меҳнат фахрийси Салимахон Жўрабоева. – Ҳаётда ширин-аччиқ ташвишлар кўп бўлади. Эр-хотин уларни аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб енгиши керак. Балоғат ёшига етган ҳар бир ўғил-қиз эртами-кеч турмуш қуради. Аммо оила ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Оилада ҳар бир кишининг ўз ўрни, бурч ва масъулияти бор. Оилавий ҳаётда ана шу жиҳатлар ҳисобга олинса, ўша оилада ўзаро ишонч руҳи ҳукм суради, тинч ва саодатли ҳаёт кечиради.

4 438
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА