ЎзА Ўзбек

12.10.2018 11:59 Чоп этиш версияси

Арт-объект ижодкорлари тарғиб қилаётган белгилар маъносини биласизми? Ёхуд мантиқсизликка сарфланаётган миллионлар

Арт-объект ижодкорлари тарғиб қилаётган белгилар маъносини биласизми? Ёхуд мантиқсизликка сарфланаётган миллионлар

Муҳокама қилинаётган арт-объектларда бунинг аксини кўрамиз: бу ерда фикрлаш тарзи, арноментлар бизга ёт. “Энди абстракт тасаввур маҳсули-да”, деб ўзимизни овутмайлик, ҳатто капалак тасвири ҳам бизга “юқмайди”...

Мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик дунё аҳлининг диққатини ўзига тортмоқда: шаҳару қишлоқларимизнинг меъморий, визуал қиёфалари тубдан ўзгармоқда. Қишлоқлар шаҳарларга, шаҳарларимиз Марказий Осиёнинг йирик мегаполисларига айланмоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива дунёдаги ҳам қадимий, ҳам навқирон шаҳарлар билан гўзаллик, виқор, замонавийликда беллашмоқда. Барча соҳа каби шаҳарсозлик соҳасида ҳам биз дунёга, дунё бизга интилмоқда. Шаҳарларимиз дунё стандартидаги мегаполислар мақомини оляпти. Қисқача айтганда, янги аср тараққиёти барча жабҳаларни қамраб, дунёни ҳамма учун кафтдек қилиб қўйяпти. 

Шуниси эътиборлики, шаҳарларимизнинг ҳам чиройли, ҳам обод, ҳам файзли, ҳам замонавий, ҳаммабоп бўлиши учун барча соҳа вакили чин юракдан хизмат қилмоқда, интилмоқда. Буни шаҳарларимизда пайдо бўлаётган арт-безаклар, декоратив ҳайкалларда, вектор-дизайнларда кўриб турибмиз. Бироқ, афсуски, бу безакларнинг ҳаммасини ҳам дидимизга, менталитетимизга, ўзлигимизга мос деб бўлмайди.

Ватан ичра катта уйимиз

Кейинги ойларда Тошкентда пайдо бўлган янги арт-объектлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Уларда бундай арт-объектларнинг азим кентимиз қиёфасига мисоли доғдек тушаётгани ҳақидаги танқидий мулоҳазалар билан бирга, уларнинг “замонавийлик”, “дунё билан бўйлашиш” белгиси экани тўғрисидаги ижобий фикрлар ҳам янгради. Биз ҳам шаҳримизнинг дизайн-қиёфаси ҳақида ўз мушоҳадаларимизни билдиришга қарор қилдик.

Аввало, янги арт-объектлар ҳақида. Арт-объект ижодкорлари шаҳримизга бугунги дунё санъати, архитектурасидаги энг сўнгги анъаналарга суянган ҳолда ўзига хос модернча манзара олиб кирмоқчи бўлишмоқда. Уларнинг бу интилиши таҳсинга сазовор. Аммо гап шундаки, бу арт “асарлар” ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам семиотик, ҳам тафаккур нуқтаи назардан миллий менталитетга хос эмас. Айнан шунинг учун ижтимоий тармоқлардаги эътирозларга кўра, шаҳардошларимиз бу “ноёб” композияларни қабул қилишолмаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай асар, жумладан, модернча, постмодернча, абстракт ёки авангард бўладими, миллий тафаккур тарзига, миллий колоритга, воқеликни миллий англаш ҳолатига қурилмас экан, у нафақат биз, маҳаллий аҳоли учун, балки объект ижодкорлари кўзда тутган шаҳримизга келаётган меҳмонлар учун ҳам тушунарсиз ва бегона бўлиб қолаверади. 

Мамлакатимизга ташриф буюраётган меҳмонлар ўзларининг чўнтагидан аллақачон тушиб қолган усулда пайдо бўлган “арт маҳсулотлар”ни эмас, балки миллий руҳ, миллий ирода, миллий тафаккур тарзи, миллий маданият унсурлари барқ уриб турган, миллий дизайнга эга шаҳарларни кўриш учун келади. Уларга шу жиҳати қизиқ. Бу факт. Шунинг учун ҳам шаҳарларимиз қанчалик миллий руҳда безалса, уларда қанчалик миллий руҳдаги “арт-объектлар” кўп бўлса, у шунча умуминсоний, умумбашарий мазмун кашф этаверади. Бу санъатда ҳам, маданиятда ҳам исботсиз қабул қилинган аксиома, оддий талаб. Бу талабни тушунмаслик ёки менсимаслик, умуман, санъатни ва маданиятни тушунмаслик билан баравар.

5572552.jpg
Мавзумиз бўлган “арт-объект”га қайтадиган бўлсак, бизнингча, бу ерда худди ана шу нарса — миллий руҳ, миллий кўрим, миллий семиотика арноментлари етишмаяпти. Агар разм солсангиз, биронта манзарада миллий колорит, миллий фикрлаш маҳсули бўлган чизгини кўрмайсиз. Ваҳоланки, Ғарбда пайдо бўлган модернизм услуби ҳам Ғарб тафаккури тарзи устига қурилган, шундан ўсиб чиққан. Шунинг учун ҳам бу усул уларга тушунарли, ҳазм ва қабул қилиш осон. Ҳар қандай модернча асарда Ғарб руҳияти, хусусан, қадим маданияти арноменти, белгиси, тимсоли билиниб, кўриниб, асос бўлиб туради. Муҳокама қилинаётган арт-объектларда эса бунинг аксини кўрамиз: бу ерда фикрлаш тарзи, арноментлар бизга ёт, бегона. “Энди абстракт тасаввур маҳсули-да”, деб ўзимизни овутмайлик, ҳатто капалак тасвири ҳам бизга “юқмайди”. Афсуски, барча соҳаларни ўзига бўйсундириб олаётган глобаллашув миллий маданият, миллий анъаналар, миллий муҳитни ёки четлаб, ёки эътиборсиз ўтишни ўргатмоқдаки, шу жиҳати билан миллий ўзлик, миллий маданият, миллий қадриятларга дахл қилмоқда. Бу ерда ҳам ана шу жараённинг таъсири сезиляпти.

Халқимизда “Чироғи ёниқ уй” деган тушунча бор. Бу тушунчанинг тагида бутун бошли қарашлар, удумлар, халқимизнинг макон ва масканни муқаддас деб билган қадрияти ётади. Аждодларимиз “уй” деганда фақат бошига пана бўлувчи иншоотни тушунмаган: “уй”га бутун бошли тушунчалар, фалсафалар, қадриятлар, энг муҳими, эътиқод кўзи билан қараган. Хусусан, бошпана фақат ўзлари эмас, балки аждодлар, ота-боболар руҳи, фаришта ва илоҳлар ҳам яшайдиган, оилани ёвуз кучлардан, ёвуз ниятлардан, ёвуз руҳлардан асрайдиган макон — катта олам ичидаги кичик олам, макро фазодаги микро фазо, катта илоҳиятнинг бир бўлаги бўлган кичик илоҳий маскан деб тасаввур қилинган, шунинг учун ҳам муқаддас саналган. Табиийки, уйдаги ҳар бир безак шу қарашдан келиб чиққан, шу қарашни, шу эътиқодни намоён қилиб турган. Зотан, Ватан энг катта уйимиз бўлса, унинг пойтахти — Ватан ичра катта уйимиз, мамлакатимизнинг, ўзлигимизнинг остонаси, миллий маданиятимизни, миллий таянчларимизни кўз-кўз қиладиган асосий саҳна. 

Миллий шаҳарсозлигимизга бир назар

38263fi.jpgЮртимизда қадимий шаҳарлар жуда кўп: Сурхондарёдан тортиб, Қорақалпоғистону Фарғонагача бўлган ҳудудда ёши 2000-3000 йилликка тақаладиган ўнлаб тупроқ остида қолган қадимий шаҳарларимиз топилмоқда. Улар халқимизнинг шаҳарсозлик маданияти ҳақида етарлича маълумотлар беряпти. Муҳими, бу шаҳарларимизнинг ҳар бир ғиштидан тортиб, кошинигача маълум бир мақсад ва ҳикмат билан қўйилганига амин бўлмоқдамизки, бу хил тарихий мегаполисларимиз аждодларимизнинг фақат иқтисодий-меъморий, ишлаб чиқариш ривожини эмас, балки тафаккур тарзи ҳамда маънавий соҳада эришган ютуқларини, соддароқ қилиб айтсак, имон, эътиқод, эзгулик ва ёвузлик, ҳаёт ва абадийлик ҳақидаги қарашларини ҳам кўз-кўз қилиб тургани билан аҳамиятлидир. Шаҳарларимиздан топилган семиотик осору атиқалар аждодларимизнинг бизга моддий кўринишда қолдирган ҳикматлари ва битикларидир. 

Семиотика маълум бир халқнинг энг қадимги ва замонавий белгиларга жо бўлган тимсоллар тизимини ўзида акс эттиради. Шу маънода бу хил белгилар миллий ўзлик, хусусан, миллий тафаккур тарзи билан бевосита боғлиқ. Ана шу жиҳатига кўра, Ю. Лотман, Ч. Пирс каби файласуфлар бу белгиларни “миллий хусусиятларни ташувчи белгилар” ҳам деб аташган. Шуниси эътиборлики, Европа уйғониш даври тафаккур тараққиёти, жумладан, модернизм ва постмодернизм ҳам кўп жиҳатдан ўзининг миллий белгилари — тимсоллар тизимини ўрганиш, уни замонага, даврга, тараққиёт шиддатига, янги тафаккур тарзига интерпретация қилиш, улардаги маъно қатламларини ёшартириш, мослаштириш орқали юзага келгани аллақачон ўз исботини топган. Шунинг учун ҳам миллий семиотика бугунга кунда шаҳарсозлик маданиятининг, шаҳарлар дизайнининг ажралмас қисми, асоси бўлиб қолмоқда. 

Миллий каштачилигимиз, гиламдўзлигимиз, дўппидўзлигимиздаги нақшу нигорларнинг ўзиёқ бутун бошли семиотик ансамблни ташкил қилади. Бу нақшу нигорларга аждодларимизнинг ўлмас ҳикматлари жо бўлган. Халқ амалий санъати аслида ҳарфларсиз ёзувлардир. Уларни ўқиш, англаш, замонавий истеъмолга олиб кириш ҳам давр талаби, ҳам эҳтиёжидир. Мисол учун, бодом гули рамзи ўзбек дўппиларининг асосий безаги. Айнан шу бодом гулини Хитойнинг Ини ва Яни каби ибтидо ва интиҳо, азал-абад уйғунлиги тарзида шарҳловчилар ҳам бор. Ёки дўппимиздаги белгиларни космогоник қарашлар тимсоли сифатида қабул қилувчилар ҳам мавжуд. Умуман, халқимиз амалий санъати, нақши нигорлари, осору атиқаларнинг ўзи бир китоб. Унда олам ва одам ҳақида кўплаб ҳикматлар бор. Бу белги ва тимсолларни тушунмаслик, билмаслик, эътибордан четда қолдириш — уларнинг эскириб кетганини, моҳияти йўқолганини билдирмайди. Аслида миллий нақшу ингорлару осори атиқалар, яъни семиотик белгилар миллий санъат, адабиёт, маданиятнинг, жумладан, бугунги миллий шаҳарсозлик безакларининг, дизайнининг ҳам асоси саналади. 

Дунё пойтахтлари қандай безатилган?

Ҳар бир меҳмон, айни пайтда шу юрт фуқаросининг ўзи ҳам Лондон манзараларида инглиз, Римда италян, Токиода япон, Деҳлида ҳинд, Рио де Жанейрода португал-испан ва ҳиндуларнинг қоришиқ маданиятини, Мехикода мексиканча колоритни, руҳни ҳис қилади. Пойтахтлардаги ҳар детал, ҳар бир манзара, ҳар бир кўринишнинг ўзиёқ сизга шу мамлакат, ўша халқ ҳақида етарлича тасаввур беради. Модернча санъат ва адабиётда етакчи бўлган Париж ва Мадридда омма учун ўрнатилган авангард ҳайкаллару маҳобатли санъат намуналарида ҳам шу давлатларнинг миллий қиёфаси, руҳи бўртиб турганини кўрамиз. 

pekin_beidjin.jpg

Агар Пекинга борган бўлсангиз, шаҳарнинг иллюстратив дизайни асосида Хитой миллий қадриятлари, урф-одатлари, мифологик ва халқ қаҳрамонлари, халқ оғзаки ижодининг образлари, амалий санъат нақшу нигорларининг, миллий семиотик белгиларнинг замонавий талқинларига — интерпретациясига дуч келасизки, модерн, абстракт, авангард манзараларда ҳам Хитой миллий руҳини ҳис қилиб турасиз. 

Истанбулда арт-объектларни қўйиб турайлик, ҳатто дунёнинг ишлаб чиқариш стандартига тўлиқ бўйсундирилган симёғочлару чироқлар ҳам туркий халқларнинг, жумладан, турк халқининг азалий маданиятини, азалий қарашларини, азалий илдизларини — руҳини намоён қилиб туради. Бу шаҳардаги арт-композициялар ҳам қадимги семиотик белгилар, нақшларнинг замоновий талқинидан иборат. Оддий бир чизгиси ҳам ўзининг турк маданиятига дахлдор эканини эслатиб, туркияликларга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Гонконг эса хитой феншуйи — “сув ва шамол” уйғунлиги шаклида қурилган. Кейинги юз эллик йилда қанчалик Ғарблашмасин, у ҳар бир манзарада ўзининг шарқона қиёфасини, дизайнини, манзарасини сақлаб қолган.

Бу саноқни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Биз фақат бу саноқда бизнинг шаҳарларимиз, хусусан, бошкентимиз — Тошкент ҳам туришини истаймиз.

Яна ўша арт-объект ҳақида...

Арт-объектдан мустаҳкам жой олган мана бу юрак тимсоли бир пайтлар шўро тузуми ёшларининг “эркин муҳаббат” тимсоли эди: уни дарахтларга, дафтарларга, симёғочларга ўйиб ёзишарди. 

Бу тимсол аслида авлиё Валентин куни тимсоллари билан чамбарчас боғлиқ. Биз Валентин кунининг, умуман, бу хил “муҳаббат изҳорлари”нинг миллий менталитетимизга ёт эканини гапириб, тарғиб қилаётганимизда шаҳримиздан ташвиқотимизга, қолаверса, мафкуравий сиёсатимизга зид бўлган арт-композициялар жой олаётганига нима дейсиз? Бир кунда бу “юраклар” остидан Валентин куни руҳини бошдан кечириб, нечта ёш йигит-қиз ўтади, улардан қанчасининг кўнглига бу “юрак” ўз таъсирини ўтказади экан?

Фақат бу эмас, бошқа арт-композициялар ҳам миллий тафаккур тарзимиздан узоқ, уларни кўрганда ё ҳеч нарса тушунмаймиз ёки бизга ётлигини билдириб турган манзарадан дилхиралик уйғонади. Ваҳоланки, шаҳарсозликда бу хил арт-композициялар ёшларда, умуман, фуқароларда Ватанга, миллатга, халққа, унинг маданиятига, она шаҳрига муҳаббат ва ғурур уйғотиши, инсонпарварлик, ватанпарварлик, халқпарварлик, миллатпарварлик ғояларини тарғиб қилиши, шу билан бирга, энг асосийси, омма учун бирдек тушунарли бўлиши керак. Коммуникационлик — шаҳар безаклари, умуман, шаҳар маданиятининг биринчи талаби. Бу талабга жавоб бермаган асарларни, қанчалик оҳанрабо, қанчалик бадиий, қанчалик чуқур мазмунли бўлмасин, яхшиси кўргазмада ёки музейда кўрган афзал.

Хўш, нега шаҳримизни безашда миллий асосларимизга — миллий меросимизга мурожаат қилмай, виқор ва гўзалликни бошқа ердан излаяпмиз? Бунинг учун нима керак? Аслида, кўп нарса керак эмас. Бор-йўғи миллий маданиятдан, миллий семиотикадан хабардорлик, ватанпарварлик, ўз тарихи, ўз маданиятидан ғурурланиш хоҳиш-истаги. Шу холос. Бу борада бизга амалий санъатимиз нақшу-нигорлари, арноментлари, халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари, мифологик образлар, энг муҳими, бугун музейларни безаб турган қадимги шаҳарларимиз осору атиқалари, умумлаштириб айтганимизда, миллий семиотикамиз ҳамиша мададга тайёр турибди.

Миллий белгиларимизни, тимсолларимизни замонавий кўринишда, бугунги шаҳарсозлик талаби бўлган модернча талқинда шаҳарларимизнинг визуал ва иллюстратив манзараларига татбиқ этишимиз мумкинми? Мумкин, албатта. Бу билан биз кўп нарса ютамиз. Жумладан, шаҳримизга ташриф буюрганларга миллий маданиятимизни тарғиб қилган бўламиз, Ватан маданиятидан ифтихор туйғусини кучайтирамиз, ёшларнинг миллий семиотикамиз тимсолларига яширинган оила, уй, Ватан, олам, одам ҳақидаги ҳикматларни англашларига, қолаверса, миллий маданият, миллий муҳит, яъни миллий ўзлик руҳида тарбияланишига беқиёс хизмат қилган бўламиз. 

Назар Эшонқул,
ёзувчи

ЎзА
9 668