Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.02.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Қаршилик Солиевлар оиласи мансабдорларнинг қоғозбозлиги оқибатида Ўзбекистон фуқаролигидан жудо бўлди

Қаршилик Солиевлар оиласи мансабдорларнинг қоғозбозлиги оқибатида Ўзбекистон фуқаролигидан жудо бўлди
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? Бунинг учун қанча вақт курашиши керак?

Қаршилик Иброҳим ака ва унинг турмуш ўртоғи Сабоҳат опа бир парча қоғозни деб нега минг бир машаққат, изтиробга дучор қилинди? 

...1991 йилда Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келган Солиевлар оиласи Қашқадарё вилояти Қарши туманининг Сахлак қишлоғида 2012 йилгача халқимиз таъбири билан айтганда “туб қўйиб, палак ёзиб” бўлган эди. Олти нафар фарзанд туғилиб, оила катталашган, маҳалла-кўйга ҳам сингиб кетишган эди. 

Бу орада улар икки марта паспорт ҳам алмаштирди. Шунча вақт индамаган, қўлларига икки марталаб паспорт тутқазган туман “паспорт столи” 2012 йилга келиб оила бошлиқлари паспортлари ҳақиқийлигига шубҳаланиб қолди. Бунга қишлоқ фуқаролар йиғинида мавжуд бўлган фуқароларни қайд этиш дафтарида Иброҳим Солиев ва Сабоҳат Солиевалар исми-шарифлари ёзилган жойга кимдир бир парча қоғоз ёпиштириб қўйгани баҳона бўлди.
 
Оилада бу мавҳумликдан изтироб чекиш, идорама-идора, судма-суд чопишдек машаққатли кунлар бошланди. Ахир инсон паспортсиз ҳеч ким эмас.

Наҳотки, ким ёпиштиргани номаълум бўлган шу парча қоғозни олиб ташлаб бўлмайди? Наҳотки, шу қоғоздан инсонни устун қўйиб бўлмайди? 

Ҳа, бу саволлар олти йил жавобсиз қолди. Оила бошлиқлари нафақат паспортсиз, балки фуқароликдан ҳам маҳрум бўлди. Бироқ Иброҳим ака бошига тушган бу кўргуликка мутлақо кўнмади. Овораи сарсон бўлса-да судга боришдан эринмади. Бу иш бешдан ортиқ туманда қайта-қайта кўрилди. Гарчи “қалбаки паспорт” эгалари ҳар сафар оғир жазога тортилмасдан, уларга амнистия қўлланилган ҳолда суд мажлиси тугаса-да “судланувчи” бундай қарор билан келиша олмади. Чунки у айбсиз эканига, паспортини қайтариб олишига ишонарди. 

Шавкат Мирзиёевнинг фуқароларнинг судма-суд овораю сарсон бўлиб юриши каби салбий амалиётга барҳам бериш, суднинг адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш зарурлигига эътибор қаратаётгани Солиевлар оиласига катта умид берди. 

2018 йил январь ойида Солиевларнинг суди Қашқадарё вилояти Нишон туманида бўлиб ўтди. 

- Ишдаги барча ҳолатлар, оила бошлиқларининг мамлакатимизда узоқ муддатдан бери истиқомат қилаётгани, аввал паспортлари мавжуд бўлгани, фуқаролар йиғинидан ижобий тавсифлангани инобатга олиниб суд уларни оқлаш керак, деган тўхтамга келди, - дейди Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди раиси Илҳом Раҳмонқулов. – Албатта, оддий тушунмовчилик бир оиланинг узоқ вақт сарсон бўлишига олиб келган. Бу борада хато ва камчиликларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чора кўриш учун тегишли идораларга хусусий ажрим чиқарилди. 

Бу оқлов ҳукми Солиевлар хонадонига чексиз қувонч, бахт туҳфа этди.

Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири
26 503