ЎзА Ўзбек

12.02.2019 10:47 Чоп этиш версияси

Қаршидаги “Ватанпарварлар боғи” Жанубий Корея тажрибаси асосида бунёд этилмоқда

Қаршидаги “Ватанпарварлар боғи” Жанубий Корея тажрибаси асосида бунёд этилмоқда

Қарши шаҳрида жойлашган “Ватанпарварлар боғи”да Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, вилоят Ёшлар иттифоқи ҳамда Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

photo_2019-02-11_17-45-36.jpg

Мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар, вилоят фаоллари ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этган тадбирда, боғ ҳудудида келгусида бажарилиши кўзда тутилган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

photo_2019-02-11_17-45-41.jpg

Боғдаги музейни бойитиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, улар Жанубий Кореянинг етакчи музейларида тажриба ошириб келди. Энг сўнгги инновацион технологиялар асосида боғ ва музей замонавий кўриниш касб этади. Келгусида Амир Темур ғори макетини ҳам ясаш ниятимиз бор. Бу борада ҳам ишга киришилган. Шунингдек, Амир Темур ва Илёсхўжа ўртасида бўлиб ўтган “Лой жанги” саҳнаси ҳам боғда акс эттирилади, – деди Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев.

photo_2019-02-11_17-45-43.jpg

Президент топшириғига кўра, республиканинг барча вилоятларида бу каби боғлар бунёд этилиши режалаштирилган, бунда айнан Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи” намуна бўлиб хизмат қилади.

Қарийб 7 гектар ҳудудни эгаллаган “Ватанпарварлар боғи”да 2018-2019 йилларда 29,3 миллиард сўмлик реконструкция ишларини амалга ошириш мўлжалланган.

photo_2019-02-11_17-45-46.jpg

Ҳозирда Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган, турли йилларда хизмат қилган 24 та ҳарбий техника макети боғ кўркига кўрк қўшиб турибди.

“Ватанпарварлар боғи”нинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг “Йўл харитаси”га мувофиқ жорий йилнинг март ойига қадар боғ ҳудудига бепул “Wi-Fi” ўрнатилиши ҳамда кутубхоналар бунёд этилиши режалаштирилган.
​​

ЎзА
1 749