ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Қарши туманида тўқсонбости экинлари экилмоқда

Қарши туманида тўқсонбости экинлари экилмоқда

Қашқадарё вилояти Қарши тумани деҳқонлари ердан йилига икки-уч марта ҳосил олишни ҳадисини олган. Улар ҳатто қиш фаслида ҳам ерни бўш қўймайди. Ҳар хил кўкатлар, саримсоқ пиёс, пиёз каби тўқсонбости экинлари экиб, эрта баҳорда яхшигина даромад олади...

Тумандаги Насаф маҳалласи ҳудудида "Глобал агро экспорт Қарши" МЧЖ га ажратилган 50 гектар ер майдонида экспортбоп тўқсонбости экинлари петрушка ва укроп экиш технологиясини кенг қўллаш борасида амалий семинар ўтказилди. 

Экиш учун танланган маҳсулотларнинг совуққа чидамлилиги ҳисобга олинди. Семинарда Тошкент вилояти Янгийўл туманидан тажрибали мутахассис агроном, олим М.Шерғозиев, тумандаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

photo_2020-10-17_17-44-45.jpg

Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар ер майдонига 10 килограммдан петрушка, 7-8 килограмм укроп уруғи сепилади. Тадбир давомида ерни озиқлантириш, уруғни сепиш, экинни парваришлаш усуллари амалий тарзда тушунтирилди.

Мутухассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда қадалган уруғ март ойида экспортга тайёр маҳсулот бўлади.

Қарши тумани ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, жамият аъзолари кейинги йил баҳорда 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган қийматдаги маҳсулотларни Россияга экспорт қилишни режалаштирган. 1 килограмм кўкатнинг ўртача экспорт нархи 1 АҚШ долларига тенг. Ер майдонидан кутилаётган ҳосил натижаси 7-10 тоннадан иборат.

1 534
Ў.БАРОТОВ, ЎзА