ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Қарши шаҳри ҳокимлиги таъмирталаб йўллар бўйича муносабат билдирди

Қарши шаҳри ҳокимлиги таъмирталаб йўллар бўйича муносабат билдирди

"Тан олмай иложимиз йўқ, носоз ва таъмирталаб йўллар Қарши шаҳридаги энг оғриқли муаммолардан биридир",- дейилади ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда. - “Охирги пайтда ижтимоий тармоқда, ҳамшаҳарларимиздан келиб тушаётган мурожаатларда билдирилаётган энг кўп эътироз ҳам шу масалага тааллуқли. Ёғин-сочинли кунларда абгор йўлларимиз аҳолига анчагина қийинчилик туғдираётгани рад этиб бўлмас айни ҳақиқат. Фуқароларнинг шикоят ва талабини ҳам тўғри тушунамиз, тўлиқ асосли, деб биламиз“.

Хабарда қайд этилишича, ҳокимлик томонидан ўтказилган ўрганишлар вазият кутилганидан ҳам анча аянчли эканини кўрсатган. Хатлов натижасида Қарши шаҳрида таъмирталаб ички йўллар умумий ҳисобда 180 километрдан ошиқ экани ойдинлашган.

photo_2020-01-26_14-51-08.jpg

Изоҳ берилишича, тузук йўл худа-бехуда кавланган, қурилиш пайтида катта юк машиналари ҳаракатланган ёки йўл нотўғри, қоидага амал қилмай сақланган. Йиллар давомида бу масала тизимли характер касб этиб борган.

“Кўпчилик талаб қилаётгани каби носоз йўлларни бир кунда ё жуда қисқа фурсатда таъмирлаш жисмонан имконсиз. Бу жараён ўз навбатида вақт ва катта маблағ ҳам талаб этади. 180 километрдан зиёд таъмирталаб йўл кичик рақам эмас ҳар ҳолда. Бошланғич ҳисоб-китобга кўра, 1 километр йўлни асфальт қилиш ўртача 600-700 миллион сўмга тушади бугунги кунда“, дейилади хабарда.

Шаҳар ҳокими бошчилигида бу борада мақсадли саъй-ҳаракат бошланган. Аниқ чора-тадбир ишлаб чиқилмоқда. Қайси йўллар, қачон ва нима ҳисобидан таъмирланади? Ана шу каби саволларга аниқлик киритилаяпти. Кунлар исий бошлагач, амалий ишлар бошланади. Бунга сабаб сифатида ер қуриган маҳал йўл қуриш учун энг қулай пайт эканлиги ва шу муддатда таъмирлашни сифатли бажариш имкони бўлиши кўрсатилган.

1 521
ЎзА