ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Қарши давлат университети чекка қишлоқ талабалари учун ҳудудларда бепул интернет марказлари очмоқда

Қарши давлат университети чекка қишлоқ талабалари учун ҳудудларда бепул интернет марказлари очмоқда

Қарши давлат университетида 15 минг нафардан ортиқ талабалар таҳсил олади. Шулардан 1 минг 400 нафарга яқини туманлар марказларидан олисда жойлашган тоғ ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилади. 

Табиийки пандемия муносабати билан дарсларнинг масофавий шаклда ташкил этилиши чекка қишлоқларда яшайдиган ёшлар учун интернет тезлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Дарсларни ўз вақтида Moodle масофавий таълим платформасига жойлаштириш учун сифатли интернет зарур.

Қарши давлат университети талаба-ёшларга таълим олишларига янада қулайлик яратиш мақсадида ҳар битта туман марказида жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва мактабларида бепул интернет билан таъминланган марказларни очишни режалаштирмоқда.

photo_2020-10-17_17-12-53.jpg

Бугун ана шундай хайрли ташаббуснинг дастлабкиси сифатида Косон тумани марказида жойлашган 1- касб-ҳунар мактабида юқори тезликда ишлайдиган интернет билан таъминланган масофавий таълим маркази филиали очилди. Марказда 16 та компьютер мавжуд. Ҳар куни факультетлар кесимида талабалар белгиланган график асосида соат 14:00 дан 17:00 га қадар бепул интернетдан фойдаланган ҳолда мустақил таълим олиш имконига эга бўлди.

– Жорий йил кириш имтихонларида 189 бал тўплаб, грант асосида физика-математика факультети математика йўналиши талабасига айландим, – дейди Маржона Ҳасанова. 

– Куни кеча университетда бўлиб ўтган таништирув дарсларида иштирок этиб, профессор-ўқитувчилар таркиби, университет ва факульет тарихи, онлайн дарсларда иштирок этиш тартиби хусусида маълумотларга эга бўлдим. 

photo_2020-10-17_17-12-56.jpg

Онлайн дарсларда фаол қатнашишимиз учун туманимиз марказида ташкил этилган масофавий таълим маркази филиали чекка қишлоқда яшайдиган биз ёшлар учун айни муддао бўлди. Энди биздан фақат билим олишимиз талаб этилади. Биз ёшларга яратилган имконият учун ташкилотчилардан миннатдорман.

Масофавий таълим маркази филиалида талаба-ёшларда керакли кўникмани шакллантириш ва уларга ёрдам бериш мақсадида ҳар бир кунга факульетлар кесимида тегишли мутахассис бириктирилади. Марказда белгиланган жадвал ва вақт давомида 64 нафар талаба интернетдан фойдаланиши мумкин. Мақсад ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш ва талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлашдан иборат.

Маълумот учун, Косон туманидан 500 нафарга яқин талаба Қарши давлат университетида таҳсил олади.

2 232
Ў.БАРОТОВ, ЎзА