Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2018 18:38 Чоп этиш версияси

Қарши – Чим – Чироқчи – Шаҳрисабз йўлида аҳвол ўша-ўша

“Қарши – Чим – Чироқчи - Шаҳрисабз” автомобиль йўлидан келажакда мақсадли фойдаланиш учун мазкур йўлда мулкчилик шаклидан қатъи назар, битта етакловчи ўққа 9 тоннадан ортиқ юк тўғри келадиган автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланган. Бу меъёр вилоят ҳокимининг ўтган йил 18 августдаги “4Р79 “Қарши – Чим – Чироқчи - Шаҳрисабз” автомобиль йўлидан келажакда мақсадли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган. Лекин бугунги кунда бу ҳолат назоратга олинмаяпти. Мутасаддилар эса мавжуд ҳолатга панжа орасидан қарамоқда.

Вилоят ҳокимининг қарори қабул қилингандан буён шунча вақт ўтган бўлса-да, аҳвол ўша-ўша. Қатнов илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай давом этмоқда. Тўла вазни 9 тоннадан юқори бўлган юк автомобиллари гўё ҳеч қандай тақиқ йўқдек бемалол ҳаракатланмоқда. Йўл-патруль хизмати ходимлари эса ҳаракати тақиқланган транспорт воситаларини негадир "кўрмай қолишяпти". Ваҳоланки, вилоят ҳокимининг қарори ижросини таъминлаш вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси зиммасига юклатилган.

Аксинча, мазкур қарордан сўнг юк ташувчилар айланма йўлдан қатнаяпмиз қабилидаги баҳоналарни важ қилиб, қум, шағал каби қурилиш ашёларини икки баробар нархда пуллашмоқда. Хўш, бу нима, қарор ижросига беписандликми ёки йўл-патруль хизмати ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни шу йўсинда бажаришга кўникиб қолишганми?

Ўлмас Баротов, ЎзА
12 419