ЎзА Ўзбек

26.07.2018 15:37 Чоп этиш версияси

Қаровсиз ерларнинг уволи тутмайдими?

Қаровсиз ерларнинг уволи тутмайдими?
Мамлакатимизда фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш, аҳолининг реал даромадини ошириш, уларни иш билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қараб келинади.

Бу жараёнда фермерлик ҳаракати, ердан унумли фойдаланиш борасидаги ишларнинг аҳамияти юксак. Айни вақтда юртимизнинг барча ҳудудларида ерга муносабат, ундан тўғри фойдаланишга бўлган эътибор ўзгарди.

Лекин бу ҳаракатлар ҳамма жойда ҳам ўз самарасини бераётганмикин?

Андижон вилояти Избоскан туманидаги 62 маҳалла фуқаролар йиғинида 220 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Ҳудуддан Катта Фарғона канали, Қорадарё, Майлисой, Тентаксой оқиб ўтади. Сувдан муаммо бўлмагани боис бу ерда шоли етиштириш яхши ривожланган.

Бу ердаги каби сув таъминоти бошқа ҳудудларда деярли йўқ. Аммо Янгизамон массивидаги қаровсиз ерларни кўриб, фойдаланилмай турган ерларнинг уволи тутмайдими, деб юборгингиз келади. Болалигимдан “ер одамни боқади”, деган жумлани кўп эшитаман. Ерга меҳр бериш, ундан тўғри фойдаланиш кераклигини ҳам яхши биламиз.

Мазкур ҳудуддаги муқаддам 5 минг бош чорва молларига мўлжалланган бинолар нега қаровсиз? Бу ердаги чорва қаерда?

“Мангуберди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Нурулло” фермер хўжалигига тегишли бу ерлар, аҳолининг айтишича, салкам ўн йиллардан буён қаровсиз аҳволда ётибди. Туб аҳоли бир пайтлар бу ерда мол боққан, баъзилари шу фермер хўжалиги ерларида ишлаган. Шунинг ҳисобига рўзғорини тебратган.

Бугун фермер хўжалиги ҳисобидаги бинолар бузилиб, яроқсиз ҳолда фойдаланилмай турибди. Ферма ишлаб турган кезларда ишчилар учун ён-атрофда уй-жойлар қуриб берилган. Айни вақтда фермер хўжалиги ерлари атрофида яшайдиган аҳоли сони тўққиз юздан ошади. Бир вақтлар оиласини иқтисодий таъминлаб юрган аҳолининг аксарияти ишсиз.

Аслида мазкур ферма учун мўлжалланган биноларга эга ушбу ҳудуд аҳолининг доимий эътиборида бўлиб келган. Мутасадди ташкилотларга мурожаатлар ҳам қилинган. Аммо натижа қувонарли эмас. Вайронага айланган ўнга яқин бинонинг бузиб олинган материаллари йўқ. Ундан ким фойдаланган, ёки нима мақсадда бузгани маълум эмас. Тайёр иншоотлар талон-тарож қилинишига мутасадди ташкилотлар панжа ортидан қараб келмоқда.

Авваллари ариқ-қувурлардан чорва ичиши учун сув келарди. Ҳозирда улар бузиб ташланиб, қувурлар изсиз йўқолган. Ачинарлиси шундаки, ерга эгалик қилаётганларнинг эътиборсизлиги туфайли қаровсиз ерлар чиқиндихонага айланмоқда. Бу аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради.

Бундан ташқари, фермернинг ферма бинолари жойлашган ерлари аҳолига уй қуриш учун сотилган. Буни ўша ерда истиқомат қилаётган аҳоли йиллар давомида маош ололмагани боис иш ҳақига ҳисоблаб олган. Ёки...

Ферма биноси жойлашган жой, барча қулайликлар, имкониятларга эга ҳудуд тахминан ўн гектардан зиёдни ташкил этади. Ҳозирда салкам шунча ҳудуд қаровсиз, фойдаланилмай ётибди.

Таҳририятимизга келган мурожаатга кўра, бу ердан фойдаланиш истагида бўлган фуқаролар ҳам бор. Аммо уларнинг талаби эътиборсиз қолдирилмоқда.

Ёш фермернинг дардини ким тинглайди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги “Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида олиб борилган ишлар катта ер майдонларига эгалик қилаётган, аммо фойдаланишда сусткашликка йўл қўяётган фермерларнинг ортиқча ерларини бошқа фермерларга беришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Ерлардан фойдаланишни меъёрлаштириш мақсадида олиб борилган чора-тадбирлар фермерлик, деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар учун яна бир имконият эшигини очди.

“Нурулло” фермер хўжалигининг умумий майдони тахминан 300 гектардан зиёд. Фермерликдаги моллари 120 гектарга мос бўлгани боис ушбу фермер хўжалигининг ерлари мақбуллаштиришга оид режага тушган эди. Натижада туманда ушбу ҳудуддаги ерларни қисмларга бўлиб, шоличилик, ғаллачилик, пахта экинлари ва чорвачиликка ихтисослаштириш бошлаб юборилган. Туманда юқоридаги қарор асосида ўтказилган тендерда ўша вақтдаги 180 дан зиёд лойиҳа доирасида фермерликка ихтисослашган бизнес лойиҳаси билан фуқаро Хожиакбар Камолов ҳам иштирок этган.

Унинг ЎзАга мурожаатида келтирилишича, битта тендер йўналишининг 5 лойиҳасида кўплаб талабгорлар иштирок этган. Х.Камолов тендерда 16,5 гектар майдондан фойдаланиш учун ҳуқуқни қўлга киритган эди. Тумандан тендерни ташкил этиш жараёнида иштирок этган мутасаддиларнинг 2015 йил 2 декабрдаги (822-К) қарори асосида вилоят ҳокимининг ўша йили 20 декабрда (313-К) мазкур тендер хулосасини тасдиқловчи қарори чиққан. Шу йил декабрь ойида туман ҳокими билан ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи узоқ муддатли ер ижара шартномаси тузилган. Барча ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилган.

Х.Камолов тендерда ғолиб бўлгач, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, 20 нафар аҳолини доимий иш билан банд қилишидан ўзи ҳам хурсанд эди. Аммо натижа у кутгандек бўлиб чиқмади. Экин экиш даврига келиб, у фойдаланиши керак бўлган ер устида жанжаллар бошланди. Ерга эгалик қилган собиқ “Нурулло” фермер хўжалиги раҳбарлари норозилигини очиқчасига намойиш қилиб, ёш фермерга таҳдид қила бошлади. Натижада мутасаддилар томонидан ер собиқ эгасига яна қайтариб берилди.

Шу ўринда савол туғилади. Нега? Қайси ҳужжат ва қонунлар асосида у бундай ҳуқуққа эга бўлди?

Шу ерда истиқомат қилувчи аҳолининг фикрича, фермер хўжалигига қарашли ерларнинг кўп қисми анчадан буён қаровсиз ва фойдаланилмай турибди. Тўғрироғи бу ерлардан белгиланган мақсадда эмас, балки турли мақсадларда фойдаланиб келинган. Яна савол туғилади: ердан олинаётган даромад халқ фаровонлиги учун давлат ҳисобига тушаётганмикин?

Ёш фермерда туман ҳокимлиги, тендер ўтказган мутахассислар, қолаверса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўп бор мурожаат қилганини тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Аммо ишлайман, юртим ривожи, иқтисодий тараққиёт учун ҳисса қўшаман, деган ташаббускор йигитнинг шаштини қайтариб, унга сунъий тўсиқлар қўйилган.

Шундан сўнг Х.Камолов тумандаги муаммо ва камчиликларни ўрганишга келган вилоят ҳокимига ўз муаммосини сўзлаб берган. Уни диққат билан тинглаган ҳоким туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган (прокурор) мутахассисига бу иш ижобий ҳал этилиши юзасидан кўрсатма бергач ҳам орадан салкам бир йил ўтсада, бу масала ҳамон ечимини кутиб ётибди. Натижада ёш фермер – аҳолига иш ўрни яратаман, деб жон куйдириб юрган ташаббускор фуқаро ишсиз қолмоқда.

Инсон қадри улуғланадиган, унинг манфаатлари ҳимоя этиладиган юртимизда нега унинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилди? Унга ўз еридан фойдаланиши учун имконият берилмади? Қўлида ерга эгалик қилишга оид ҳужжатлари бўлса-да, у собиқ ер эгаси томонидан ушбу ерлардан мажбуран чиқариб юборилганини қандай изоҳлаш мумкин?

У қайсики ташкилотга мурожаат қилса, ҳужжатлар ўрганилмай туриб, “хўжакўрсин“га кўрилган иш доирасида унинг ҳуқуқлари яна поймол этилаверган. Агар бу иш доирасида ҳужжатлар ўрганиладиган бўлса, кўплаб ўз лавозимини суиистеъмол қилган мутахассислар томонидан тайёрланган қарорлар сохталиги аён бўлади.

Ишга чанқоқ, бўш иш ўрни яратишга қодир фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқлари доимий ҳимояда. Шу боис мазкур мурожаат юзасидан тегишли ташкилотлар тўғри хулоса чиқаришига ишонамиз.

Барно Мелиқулова, ЎзА
7 194