ЎзА Ўзбек

18.06.2019 20:55 Чоп этиш версияси

Қарордаги қонунбузилиш кимнинг манфаатига хизмат қилмоқда?

Қарордаги қонунбузилиш кимнинг манфаатига хизмат қилмоқда?

Қонун ва қонунбузарлик ўртасидаги тафовут Самарқанд вилоятида, хусусан, Самарқанд шаҳрида шу қадар чуқур илдиз отдики, бу вилоятнинг ҳозирги раҳбарлари зиммасига жуда оғир юк бўлиб тушмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бу ҳолатга томошабин бўлиб келиши, нафақат давлат манфаатларига зарар етказмоқда, балки фуқароларнинг кескин норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда. Самарқанд шаҳрида тадбиркор Умар Ражабов томонидан қурилган уй-жой машмашаси тугамай туриб, янгиси бошланмоқда. Навбатдаги қонунбузилишлардан яна бирининг асоси Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 10 майдаги бузилишга тушган бино учун товон тариқасида ер майдони ажратиш ва қурилишга рухсат бериш тўғрисидаги 700-Қ сонли қароридан сўнг бошланди.

1.jpg

2.jpg

Қарорга кўра, фуқаро Меҳринисо Саидовага шаҳардаги Ғиёсиддин Жамшид кўчаси 2-йўлак 2-манзилдаги бузилишга тушган уй-жой биноси учун товон тариқасида “Ўзбекистон” кўчаси 67-манзилдаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли чойхона ва хизмат комплексига туташ ер майдони 3-қаватли бино қуриш учун берилди. Бироқ, орадан кўп ўтмай Самарқанд шаҳар прокуратураси, “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасининг 2017 йил 14-июлдаги хулосаси ва бошқа камчиликлар инобатга олинмаган деган важ билан, ҳоким қарорини бекор қилиш ҳақида протест киритди. Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимов прокуратура протести ижросини таъминлаш тўғрисида 2017 йил 14-август 1489-Қ сонли қарорини чиқарганидан сўнг, суд фуқаро Меҳринисо Саидованинг даъво аризасини қаноатлантириб, 700-Қ сонли қарорни қайта тиклаб, 3-қаватли бино қуриш ҳуқуқини берди.

Меҳринисо Саидова деганимиз жуда уддабурон чиқиб қолди. Қарорда кўрсатилган 3-қаватли бино ўрнига Ражабовлар сингари “Самарқандча” усулни қўллаб, Г шаклидаги уйнинг икки тарафини 4-қаватли, ўртасини эса 5-қаватли қилиб юборди. Биринчи қавати маиший хизмат, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳатто бешинчи қаватлари одамлар учун турар-жойлардан иборат бўлса бунинг нимаси ёмон. “Ёмони шундаки, - дейди “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи Ўктам Норбоев. Мансабдор шахслар томонидан содир этилган қонунбузилишни маҳалла раиси, Самарқанд шаҳар ҳокимияти ва прокуратуранинг айрим ходимлари икки йилдан бери яшириб, республика ҳукуматига нотўғри маълумот бериб келмоқда. Биринчидан, Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорида бузилишга тушган бино учун товон тариқасида ер майдони ажратиш деб, нотўғри кўрсатилган. Чунки, “Ғиёсиддин Жамшид” кўчаси 2-йўлак 2-манзилга давлат томонидан ҳеч қандай зарар етказилмаган ва бузилмаган.

Иккинчидан, “Ғиёсиддин Жамшид” кўчаси 2-йўлак 2-манзилни Меҳринисо Саидова “Шерзодстройсервис” МЧЖга сотган ва бу жойда бугунги кунда Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йил 24 апрелдаги 731-Қ сонли қарори билан кўп қаватли турар-жой биноси қурилмоқда. Бу ерда шахсга етказилган зарар тўғрисида эмас, фирибгарлик йўли билан давлатга, жамиятга етказилган зарар ҳақида гапирилса, мақсадга мувофиқ бўлган бўларди. Ахир, Меҳринисо Саидовага ҳеч қандай зарар етказилмаган бўлса, нима учун “Ўзбекистон” кўчаси 67-манзилдаги ЮНЕСКОнинг муҳофаза зонасига туташ, яъни буфер ҳудудидаги манзарали яшил боғ бўлган, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли чойхона ва маиший хизмат комплексига туташ ер майдонини жисмоний шахс Меҳринисо Саидовага кўр-кўрона, товон тариқасида тақдим қилиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди. Майли, мени ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар янглишяпти дейиши мумкин. Лекин, мен уларга тақдим қилган ҳужжатлар, бу важларни тасдиқлаяптику!”.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси эса, Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорига асосан бузилиши белгиланган “Ғиёсиддин Жамшид” кўчаси 2-йўлак 2-манзилдаги 609 кв. метр умумий фойдаланишдаги жойлашган 50/100 қисмидаги 233,54 кв. метрдан иборат уй-жой биноларига бўлган мулк ҳуқуқи фуқаро Санобар Турдиевага тегишли эканлигини аниқлаган. “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой Кодексининг 27 ва 28-моддаларига асосан ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйи (квартираси) бузилиши лозим бўлган фуқароларни турар-жой билан таъминлаш ёки якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси берилиши белгиланган. Ушбу ҳолатда фуқаро С. Турдиеванинг ўрнига М. Саидовага ер майдони ажратилиши ва қурилиш учун рухсат берилиши тўғрисида Самарқанд шаҳар ҳокимининг 700-Қ сонли қарорининг қабул қилинишида ҳужжатлар сохталаштирилганлиги кўринади”.

Хўш, энди буёғи неча пулдан тушди. “Ўзбекистон” маҳалласидагиларнинг икки йилдан бери асабини қақшатаётган беш қаватли бу бинонинг тагзамини ҳам сохтакорликка асосланган бўлиб чиқяптику?!

Масаланинг бу томонинику қилни қирқ ёрадиган ҳуқуқшунос-тадқиқотчилар эътиборига ҳавола қилайлигу, энди масаланинг иккинчи томонига қайтайлик. Меҳринисо Саидова ҳатто фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 13 март куни қурган биносининг ер сатҳидан 11,5 метрдан ошиқ қисмини бузиш ҳақидаги ҳал қилув қарорини ҳам бажармасдан келмоқда. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш вилоятлараро давлат инспекциясининг 2019 йил 4-мартдаги 300-сонли “Ўзбекистон” кўчасидаги 67-манзил ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий қўриқхона ҳудудининг буфер қисмида жойлашганлиги маълум қилинган. Бироқ, М. Саидова ҳоким қарорида 3 қаватли деб аниқ-тиниқ ёзиб қўйилганига қарамасдан, 4 ҳатто 5-қаватни ҳам қуриб юборди.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Қонунбузилишнинг чегараси борми? Ҳар йили миллионлаб турист келадиган, миллионлар нигоҳи остида турган кўҳна Самарқанд шаҳрида, шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган бундай ғайриқонуний қурилишлар болалаб кетмадими? Бунга ким жавоб беради? Шаҳар ҳокимлигига қарор учун сохталаштирилган ҳужжатларни асос қилиб киритган шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимидаги жанобларчи? Муаммо кўпаяверсин, жамият елкасидаги юк ортаверсин, ечими эса кейингиларга қолсин эканда. Шундайми?!

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи“. Манба: xs.uz

ЎзА
6 174