ЎзА Ўзбек

28.07.2018 15:49 Чоп этиш версияси

Қароқчини тўнаган ўғри

Қароқчини тўнаган ўғри
Хабарни эшитган аёлнинг довдираб қолганини билган Ғиёсхон гап орасида ўзининг вилоят ички ишлар бошқармаси ходими эканлигини қистириб ўтади ва ҳолатни ўнглаш мумкинлигига ишора қилади.

Ёши элликини қоралаган зарбдорлик Олмос Қиличов гиёҳванд моддалар сотишдек жавоби оғир, одамларни хавотирга соладиган ишни касб қилди.

Ишининг жиноят эканини яхши билган, лекин осон пул топишни кўнгилга туйган қаҳрамонимиз бу борада жуда эҳтиёткор бўлди. Фақат “ишончли мижозлар” билан алоқа қилар, бегоналарга иложи борича яқинлашмас, шубҳа уйғотганлар билан умуман гаплашмасди.

Устомон “сотувчи” касалини ҳар қанча яширмасин барибир исситмаси ошкор қилди. Жиззах вилояти ИИБ, Зарбдор тумани ички ишлар бўлими ходимлари бу хатти-ҳаракатлардан хабар топиб, оғуфурушни жиноят устида, рад этиб бўлмас далиллар билан ушлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда Ғиёсхон Омонжонов пайдо бўлди. Илгари ўғирлик ва фирибгарлик жинояти учун судланиб, ўзига берилган тегишли жазони олган Ғиёсхон Омонжонов Олмос Қиличовнинг хатти ҳаракатларидан хавотирда эканини, одамларга зарари тегаётганини билдиради. У одамларнинг ҳаётига, оиласига рахна солувчи оғуфурушлик жиноятига чек қўйишда ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини, бунинг учун шартли харидор вазифасини бажариб беришини айтади. Бир муддат ўрганишлардан сўнг таклиф маъқул деб топилди.

Устомон “сотувчи” билан шартли харидор тез тил топишди. Бир бирларига “Келишдик, ўзимиздан экансиз”, деганча қўл беришди. “Мол” харидорга, пул “сотувчи”га узатилаётган пайт ички ишлар ходимлари пайдо бўлди. Буни кутмаган Олмос Қиличов бир зум гангиб қолди, аммо тезда ўзига келиб, фаол қаршилик кўрсата бошлади. Шу пайтда унинг чўнтагидан уяли телефони тушиб қолади.
Гумонланувчини тинчлантиришга уринаётган тезкор ходимлар алоқа воситасининг ерга тушганини пайқамайди.
Воқеани бир четда кузатиб турган шартли харидор эса эски одатини қўмсаб кетади, ерда ётган ўзганинг қўл телефонини олишдан ўзини тия олмайди. Ғиёсхон Омонжонов ички ишлар идорасидан узоқлашгандан сўнг телефон хотирасини эринмасдан кўриб чиқади. Ундаги телефон рақамларини бир-бир кўздан кечирар экан, “Онаси” деган ном билан сақланган телефон рақамларига кўзи тушади ва нияти бузилади.

Воқеалар ривожи кишини ўйга толдиради, мулоҳазага чорлайди. Наҳот жинояти учун сўров берган кимса бундан ўзи учун тегишли хулоса чиқармаган? Ёки "букрини гўр тўғирлайди", "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганлари шуми?

Ғиёсхон эртасигаёқ Олмоснинг турмуш ўртоғи Гуллола Қиличовага қўнғироқ қилиб, “Эрингиз наркотик моддалар савдосида айбланиб, қамоққа олинди”, дейди. Хабарни эшитган аёлнинг довдираб қолганини билган Ғиёсхон гап орасида ўзининг вилоят ички ишлар бошқармаси ходими эканлигини қистириб ўтади ва ҳолатни ўнглаш мумкинлигига ишора қилади.

Томонлар Жиззах шаҳридаги “Кўкбозор” деҳқон бозори ҳудудида учрашади. Ғиёсхон 5 миллион сўм эвазига Олмос Қиличовни озодликка чиқариш “имкони” борлигини, пулни олгунга қадар айбланувчининг шароитини енгиллатиш чораларини кўришини айтади.

Бундай пайтда тўладан келган, сочлари калта олинган, гап-сўзи дангал Ғиёсхон Омонжонов аёлда шубҳа уйғотмайди. Ишонч билан гапираётган, қўлида эрининг телефонини тутган инсонга ишонган аёлни тушуниш мумкин, эҳтимол. Турмуш ўртоғи унга ишониб телефонини, уй рақамини берибдими, демак, ишонса бўлади. Биров билмасин, дейиши ҳам тўғри, бу ерда пора ҳақида гап боряпти, ахир – аёлнинг хулосаси шу бўлди.

Айтилган суммани Ғиёсхон кўп кутмади – олди-ю ғойиб бўлди. Гуллола Қиличовада эса кутишдан бўлак иложи қолмаганди. Кўп ўтмай, Зарбдор тумани "Ойбек" маҳалласида яшаган Олмос Қиличовнинг жинояти ўз исботини топиб, у озодликдан маҳрум қилинди. Гуллола Қиличова шундан сўнггина “ички ишлар ходими”ни суриштира бошлади. Фирибгарнинг тузоғига тушганлигини билган аёл бу ҳақда ариза билан Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

Ғиёсхон Омонжоновни топиш қийин бўлмагани айтилади Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати берган хабарда. Фирибгар дастлабки суҳбатдаёқ қилмишларига иқрор бўлган. Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқорида келтирилган барча исм-фамилиялар ўзгартирилганлиги ва тўғри келган ўхшашликлар бўлса, тасодифлигини эслатиб ўтамиз.

Икром Аввалбоев, ЎзА
5 610