ЎзА Ўзбек

14.06.2019 Чоп этиш версияси

Арнасой балиқларининг ноласини ким эшитади?

Арнасой балиқларининг ноласини ким эшитади?

Айдар-Арнасой кўллари тизимининг Тузкон ҳудудида амалга оширилган экологик ҳашарда сувдан 4 тоннадан зиёд маиший чиқинди чиқариб ташланди.

“Айдар-Арнасой кўллар тизими” давлат унитар корхонаси маъмурияти маълумотига кўра ҳашарда 112 нафар кўнгиллилар иштирок этиб, турли пластмасса, резина, полиэтилен каби чиримайдиган, сунъий ашёлардан иборат чиқинди Фориш туманининг чиқинди полигонига олиб бориб ташланган.

Ўтган асрнинг 1968-69 йил қишида қор ўта кўп ёғиши ва кўкламнинг серёғин келиши туфайли Чордара сув омборига сиғмай қолган сув Арнасой ботиғига ташлаб юборилиши, Сангзор дарёси ва сойлардан кўп миқдорда сел келиб қуйилиши натижасида сув сатҳи Тузкон кўлида 10 метрга, Айдар ботиғида 22 метрга кўтарилиб, Жанубий Қизилқум яйловларнинг катта қисми сув остида қолиб кетади. Шу тариқа атроф-муҳитга жиддий ўзгариш киритган янги Айдар-Арнасой кўллари тизими пайдо бўлди.

1.JPG

Янги пайдо бўлган сув ҳавзасининг бўйи 170-180 километрга, эни 10-15 километр, шарқий қисми 40-45 километргача чўзилиб, умумий сатҳи 2 минг 300 квадрат километрдан ортиқ майдонни ишғол қилган. Ўтган асрнинг 80-90 йилларида кўлга Чордара сув омборидан ташланган сув миқдорининг ортиб бориши билан унинг хажми янада катталашди. Шундай қилиб, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудларида шимолда Қизилқум чўли, жанубда Шимолий Нурота тоғ тизмалари, шарқда Жиззах дашти билан чегараланган ҳудудда катталиги жиҳатидан Марказий Осиёда Орол, Балхаш, Иссиқкўлдан кейин тўртинчи ўринда турадиган йирик сув ҳавзаси юзага келди.

Республикамиз ҳукумати юртимизнинг ноёб табиий сув ҳавзаларидан бири бўлган Айдар-Арнасой кўлларидаги биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича табиат бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишга доимий эътибор қаратиб келаётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 апрелдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳар ойнинг биринчи шанбасида ҳавзаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, сув тубини чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга ошириш белгилангани ҳам ушбу эътиборнинг амалдаги самарасидир.

3.JPG

– Экологик ҳашар Айдар-Арнасой кўллари тизими йирик сув ҳавзаси сифатида дунё харитасидан ўрин олгандан буён ярим асрлик даврда амалга оширилган энг хайрли ишлардан бири бўлди, – дейди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими давлат унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Илҳом Бекмирзаев. – Гап ҳашарда бажарилган ишнинг ҳажми ҳақида эмас. Чунки кўлдаги минглаб тонна зарарли чиқиндидан тўрт тоннаси чиқариб ташланиши билан кўп нарса ўзгармайди. Бироқ бу иш кўлдан фақат ўз эҳтиёжимизни қондириш учун фойдаланиб қолмасдан, уни она табиатнинг бир бўлаги сифатида асраб-авайлашимиз ҳам зарурлигини эслатгани билан аҳамиятлидир.

Биз ушбу сув ҳавзасига фақат истеъмолчилик назари, яъни кўпроқ балиқ овлаш мақсади билан қараймиз. Табиатнинг неки бойлиги бўлса, ундан аввало инсон фаровонлиги учун фойдаланилади. Табиат ато этган ноёб табиий сув ҳавзаси Айдар-Арнасой кўлларидан ҳам шу мақсадда фойдаланиб келаётирмиз.

4.JPG

Аммо ушбу ҳавза моддий фаровонлик манбаи бўлиш билан бир вақтда юртимиз ҳайвонот ва наботот оламининг ноёб турларини сақлаб келаётган ҳудудларидан бири сифатида алоҳида ўрин тутади. Кўл пайдо бўлгандан буён ўтган даврда ҳудудда ўзига хос экотизим вужудга келди. Бугун ҳавза ва унинг атрофида халқаро ва республикамиз “Қизил китоб”ларига киритилган кўплаб ўсимлик ва жониворлар яшаб келаётир. 

Эндиликда бу сув ҳавзаси фақат ўзи эгаллаган ҳудуд учун эмас, унинг атрофида яна катта ҳудудлар табиати билан умумий экологик тизимни ташкил этиб, атроф-муҳит ва инсонлар ҳаётининг таркибий қисмига айланди. Шу боис уни асраб-авайлаш ҳам фақат ҳудудда яшовчиларнинг, фаолият кўрсатувчиларнинг эмас, катта экомаконда яшовчи кўплаб одамларнинг ҳам она табиат олдидаги бурчини қанчалик чуқур англаб етишига ҳам боғлиқ бўлиб қолди.

Шу ўринда бир аччиқ ҳақиқатни тан олиш керак. Вилоятнинг барча ҳудудида кўлнинг балиғини истеъмол қилиб, унинг табиатидан завқланаётган одамлар айни пайтда ҳавзани минглаб тонна нотабиий чиқиндилар билан ифлослантиришга ҳам ўз улушларини қўшаётир. Чунки ҳудуддаги Сангзор дарёсидан тортиб, захкаш зовурлару сой ва ариқлар, барча оқар сувлар Арнасойга қўйилади.

5.JPG

Бу оқар сувларнинг ўзанида эса чиқинди ташламаган жойнинг ўзи йўқ. Ҳар куни сув бўйидаги минглаб ҳовлилардан челаклаб чиқинди оқизилиши, дарё, канал, ва сойларга машиналарда тонналаб тўкиб кетилиши оддий ҳолга айланган. Биров билиб, биров билмай қилаётган табиат ва жамият олдидаги бу жиноятнинг тўлиқ олдини олишнинг ҳозирча уддасидан чиқилгани йўқ.

Тўғри, шу кунларда дарё ўзани, каналлар, ариқлар қирғоғида уюм-уюм чиқиндилар ўтган йилгига қараганда камроқ. Бироқ бу одамларга инсоф кириб қолганидан ё назоратнинг кучайганидан эмас асло. Кўклам серёғин келиб, кунора бўлиб турган селлар барча чиқиндиларни сўнги манзилга – Арнасойга оқизиб кетди.

Масалан, Ғаллаорол тумани марказидан ўтган тўртта канал суви Сангзор дарёсига қўшилиб, Арнасойга қуйилади. 1969 йилги кучли сув тошқинидан сўнг туман марказини селдан ҳимоя қилиш учун қурилган каналлар бу йил кўклам жуда асқотди.

6.JPG

– Шу каналлар туфайли кейинги эллик йилда келган катта сел беталафот ўтди, – дейди ғаллаороллик кекса шифокор Умрзоқ Элмуродов. – Одатда ҳеч бир табиий офат яхшиликка эмас. Аммо бу йилги селлар каналларга тўлдирган чиқиндиларни ҳам оқизиб, табиатга жинояткорона муносабатимизнинг ашёвий далилларини ҳам кўздан яширди. Гарчи чиқинди биздан юз километр олисдаги Арнасойга оқиб кетган бўлса-да, бу билан гуноҳимиз ювилиб қолган эмас албатта. Чунки, сувни ифлослантириш, унга ахлат ташлаш жуда катта гуноҳ. Бу билан биз она табиатнинг ноёб неъмати сувни заҳарлаяпмиз. У балиқ орқали яна ўзимизга қайтаётир. Бу зарарли моддаларни ўзимиз, фарзандларимиз истеъмол қиляпмиз.

Арнасойдан анча олисда яшаётган отахон бежизга куйинмаётир. Туркистон тоғининг Моргузар, Нурота тизмалари бағридан бошланиб, Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш, Ш. Рашидов туманларидаги минглаб қишлоқлардан сойлар Сангзор дарёси, Қли ташламаси, вилоятнинг чўлдаги барча туманлари ҳудудидан ўтган Катта Мирзачўл канали, Жиззах бош коллектори сувлари орқали оқаётган чиқиндилар ҳажмини тасаввур этиш қийин.

Бундан ташқари, Айдар-Арнасойга йил давомида тинимсиз зарарли, ҳатто заҳарли моддаларни тинимсиз етказиб бораётган тизим ҳам ишлаб турибди.

7.JPG

Жиззах шаҳридаги канализация тизими бир кеча-кундузда 50 минг куб метр куб оқава сув ўтказиш қувватига эга. Тармоққа шаҳардаги хонадонлардан ташқари ижтимоий соҳа иншоотлари ҳамда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарининг оқава сувлари ташланмоқда.

Жиззах шаҳрининг 1982 йилда қурилган оқава сувларни тозалаш иншооти 2012 йилда авария ҳолатига келиб тўхтатилгандан буён ишламайди. Натижада оқава сувлар тозаланмасдан тўғридан-тўғри Улгурсой каналига ташланиб, Арнасойга етиб бормоқда. Бу кўл суви таркибида турли ортиқча моддаларни кўпайтириб, экологик мувозанати бузилишига олиб келаётир.

Бу муаммони ҳал этиш устида маҳаллий раҳбарият кўпдан бош қотириб келаётир. Ва ниҳоят, Осиё Тараққиёт банки иштирокида “Жиззах шаҳрида канализация тизимини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Лойиҳада вилоят маркази ва қишлоқлар канализация тизимларини босқичма-босқич кенгайтириш, тозалаш иншоотини замонавий инвестицион лойиҳалар асосида қуриш ҳамда қувватларини ошириш кўзда тутилган. Ҳозир лойиҳа бўйича иш ҳам, Арнасойга заҳарли оқова оқиши ҳам давом этаётир.

Кўл табиатига етказилаётган зарар фақат шулар эмас. Кўп йиллар балиқ овлашда фойдаланиб келинган синтетик тўрларнинг сув тубида қолиб кетганлари ҳам бор. Балиқчилик хўжалигини, қирғоқбўйи экотуризмини ривожлантиришда амалга оширилган ишларнинг барчаси ҳам экологик хавфсизлик талаблари тўлиқ мос олиб борилган, дейиш қийин.

Шунинг учун республика ҳукумати томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бўйича белгилаётган чора-тадбирларида биологик ресурслардан фойдаланиш, шу жумладан, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва қатъий риоя қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси зиммасига маҳаллий ҳокимликлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи хўжаликлар билан биргаликда ҳар ойнинг биринчи шанба куни Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кўллар тубини чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармаларининг Айдар-Арнасой кўллар тизимининг акваториясида куну тун фаолият юритадиган назорат пунктлари ташкил этилиб, уларнинг махсус автомашиналар, катерлар, юқори аниқликдаги ерни масофадан зондлаш воситалари ва дастурлари, GPS навигаторлар, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, видеокузатув тизими, электр генераторлар, алоқа воситалари, зарур инвентарь ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилаётир.

Бу кўрилаётган чора-тадбирларнинг барчаси бир мақсадга – она табиатнинг бир бўлаги бўлган ушбу сув ҳавзасининг табиий бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, атроф-муҳитга зарар етказмасликка қаратилган. Экологик талабларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, ҳавзадаги балиқларнинг, сут эмизувчиларнинг, судралиб юрувчиларнинг, бу ерда қишлайдиган ва қўниб ўтадиган қушларнинг яшаши, кўпайиши учун жуда муҳим. Шунинг учун амалга оширилаётган катта ишлардан тортиб, жамоатчилик иштирокида ҳашар ўтказишдан ҳам кўзланган мақсад шу. Буни энди одамлар тушуниб етмоқда.

– Бизнинг тирикчилигимиз, рўзғоримиз маъмурчилиги шу кўлдаги тирикчилик орқасидан, – дейди “AYDAR-ALBATROS” хусусий корхонаси раҳбари Нуриддин Келдиев. – Кейинги йилларда кўлнинг ҳосилдорлиги сезиларли камайиб кетди. Ўтган йиллар давомида кўлнинг экологик мувозанати ўзгариши натижасида балиқларнинг кўпайиши қийин бўлмоқда. Шунинг учун ҳукуматимизнинг балиқчиликни ривожлантиришда амалга оширилаётган ишларда табиатни муҳофаза қилиш бўйича қонун талабларининг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатаётгани жуда тўғри, деб ҳисоблайман. Бу талабларга тўлиқ риоя қилиниши бизни хатолардан асрайди.

Лекин кўлдаги муаммоларнинг ечими ҳам, унинг иқтисодиётимиздаги ўрни ҳам фақатгина шу ерда ишлаётган одамлар фаолиятига боғлиқ эмаслиги, шу ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан чегараланмаслиги ҳам аниқ кўриниб турибди. Кўлда табиий мувозанатни сақлаб туриш, унинг табиатига зарар етказмаслик учун барча дарёларимиз, ариқ ва каналларимизга чиқинди ташлашни тўхташимиз керак. Чунки барча дарёлар, каналлар, зовур ва ариқлар суви Арнасойга оқиб боради. Демак, бу ҳавзанинг бугуни ва келажаги ҳар биримизнинг она табиат олдидаги фарзандлик масъулиятини қандай ҳис этишимизга боғлиқ.

4 442
Т. БЕКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА