ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Армияга энг муносиблар сараланади​

Армияга энг муносиблар сараланади​

Самарқанд шаҳрида жорий йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган йигитларнинг дастлабки гуруҳи хизматга кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, бу йил чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириш жараёни янгича тизимда ташкил этилмоқда. 

photo5425117580244397573.jpg

Жумладан, эндиликда “Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низом талабидан келиб чиқиб, Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириш тадбирларининг ўтказилишига умумий раҳбарлик қилади, шунингдек Раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий комиссия, бутлаш комиссияси, ҳудудий комиссия ва ҳудудий тиббий комиссияларнинг самарали фаолият юритиши учун шахсан масъулдирлар.

Низомга кўра, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий тиббий комиссиялар − 15 февралдан 30 апрелгача;

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги бутлаш комиссиялари − 15 февралдан 30 апрелгача;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида ҳарбий тиббий комиссиялар − 20 февралдан 30 апрелгача;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши − 20 февралдан
30 апрелгача;

туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги ҳудудий комиссиялари − 1 мартдан 30 апрелгача ҳар йили ўз фаолиятини амалга оширади.

photo5424893778088537755.jpg

Бутлаш комиссияси, ҳарбий-тиббий комиссия ҳамда ҳудудий тиббий комиссия қарори ва хулосасидан норози бўлган чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан Раҳбарият кенгашига, шунингдек белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

Маросимда Марказий ҳарбий округ қўшинлар қўмондони ўринбосари, Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши раиси Қ.Ачилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов, чақирилувчиларнинг ота-оналари ва бўлажак аскарлар сўзга чиқди.

photo5424909184136228444.jpg

– 2019 йил 10 августдан бошланган жараёнда чақирилувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, уларнинг умумжисмоний тайёргарлиги аниқланди, – дейди вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, Раҳбарият кенгаши аъзоси Фарҳод Алимходжаев. – Бундан ташқари, касбий танлов бўйича синовлар ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Улар орасидан саралаб олинган йигитлар туман, шаҳар бутлаш комиссияларида тегишли тиббий кўрикдан ўтказилгач, вилоят ҳарбий-тиббий комиссияси хулосаси асосида ҳарбий хизматга жўнатилмоқда.

– Она юртимиз тинчлигини асраш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи, – дейди оқдарёлик Лола Давронова. – Иккинчи ўғлим ҳарбий хизматчи. Унга ҳавас қилган ўғлим Сиддиқ Норқулов ҳам бугун муддатли ҳарбий хизматга кетаётганлигидан беҳад хурсандман.

Хизматга отланган йигитларга Самарқанд вилояти мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалар ва йўриқномалар топширилди.

photo5424909184136228445.jpg

1 946
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА