Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 11:44 Чоп этиш версияси

“Армия ва ёшлар” фестивали доирасида ўтказилган марафонда 5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди

Самарқандда “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида “Армия ва ёшлар” фестивали бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар хизматчилари, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мактаблари тингловчилари, вилоятдаги таълим муассасалари талаба ва ўқувчи ёшлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Фестиваль ҳарбий техникалар, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт-транспорт воситалари ва ҳарбий хизматчиларнинг Регистон майдони олдидан Кўксарой майдонигача сафда юриши намойиши билан бошланди. Уларни Регистон, Бўстонсарой кўчалари ва Университет хиёбонида минглаб ёшлар, шаҳар аҳолиси олқишлаб, кузатиб турди.

– Ушбу фестиваль халқимиз, жумладан, ёшларнинг миллий армиямиз ҳақидаги тушунча ва тасаввурларини бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда, – дейди Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ўқитувчиси Ш.Абдуғаниев. – Иштирокчилар ҳарбий техникалар, қурол-яроғ ва бошқа воситалар билан танишиб, аскар ва офицерлар, курсантлар билан дилдан суҳбатлашмоқда. Бу армия ва халқ ўртасидаги муштаракликни таъминлаш, ёш авлодни Ватанга содиқ, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қодир мард инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Тадбир доирасида марафон мусобақаси ўтказилиб, унда турли ёшдаги 5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Улар Регистон майдони олдидан старт олиб, Университет хиёбонидаги финиш чизиғини босиб ўтди.

– Бугунги тадбирдан ҳам томошабин, ҳам иштирокчи сифатида катта таассуротлар олдим, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабаси А.Шарифбоев. – Аввало, марафонда иштирок этиб, соғлом турмуш тарғиботига ҳисса қўшдим, деб ўйлайман. Ҳарбий техникалар, осойишталик посбонлари фойдаланадиган қурол-яроғ ва алоқа воситалари билан танишиб, армиямизнинг куч-қудратига ишончимиз ошди.

Фестиваль Самарқанд гарнизони офицерлар уйи жамоаси ҳамда вилоят санъаткорларининг концерт дастури билан якунланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
9 466