ЎзА Ўзбек

09.08.2018 17:39 Чоп этиш версияси

"АрМИ-2018": Москвада ҳарбийларимиз учинчи ўринни эгаллади

"АрМИ-2018": Москвада ҳарбийларимиз учинчи ўринни эгаллади
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Россия Федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган "АрМИ-2018" Халқаро армия ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат тўрт жамоа вакиллари тантанали кутиб олинди.

28 йўналиш бўйича ўтказилаётган Халқаро армия ўйинларининг 12 турида иштирок этган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар “Йўл патрули”, “Ҳарбий ралли” ва “Қуролсоз уста” турлари бўйича муваффақиятли якунлаб, фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Ҳарбий кинологлар ўртасидаги “Содиқ дўст” танловида ҳарбий хизматчиларимиз ва хизмат итларининг иштироки ҳам барчада катта таассурот қолдирди. Уларнинг “Гита” лақабли Бельгия овчаркаси 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда 1 дақиқа-ю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатди. Шунингдек, “Ҳимоя хизмати” шартидаги эҳтимолий душманни ушлаш ҳаракатлари ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди.

Аэропортда ҳамюртларимизни Мудофаа вазирлиги вакиллари, иштирокчиларнинг ота-оналари ва яқинлари кутиб олди.

– Россия Федерациясида ўтказилган “Йўл патрули” мусобақаларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ходимлари ҳам жонбозлик кўрсатди. Улар икки йилдан буён фахрли учинчи ўринни қўлдан бой бермаяпти, – дейди “Йўл патрули” танловида иштирок этган жамоа сардори капитан Дилшод Тошпўлатов. – Ушбу нуфузли беллашувда ҳарбий хизматчиларимизнинг тажрибалари тобора ортиб бормоқда. Вакилларимизнинг иштироки бошқа мамлакатлар ҳарбий хизматчилари диққат марказида бўлди. Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Ҳарбий ралли” танловида ўзбекистонлик авто усталари “Якка тартибдаги пойга”, “Таъқиб билан пойга”, “Отиш тайёргарлиги” ва “Гуруҳ ёрдамида пойга” каби 4 тур бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Мазкур мусобақада биринчи ўринни мезбон юрт вакиллари қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса хитойлик ҳарбийларга насиб этди.

“Қуролсоз уста” танловида ҳам Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари қўйилган вазифани бажаришда юқори натижаларга эришди. Улар олти мамлакат жамоаси иштирокида беш босқичда ўтказилган танловда учинчи ўринни қўлга киритди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
9 641