ЎзА Ўзбек

09.08.2018 20:40 Чоп этиш версияси

"АРМИ-2018": 33 давлат ва 200 дан ортиқ жамоа

"АРМИ-2018": 33 давлат ва 200 дан ортиқ жамоа Жаҳоннинг етти мамлакати полигон ва ўқув марказларида "АрМИ-2018" IV халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

"АрМИ-2018" мусобақаларида 33 давлатнинг 200 дан ортиқ жамоаси 28 йўналишда куч синашмоқда. Мамлакатимиз "АрМИ-2017" ўйинларида илк бора иштирок этиб, саккизта йўналишнинг бештасида Россия ва Хитойдан сўнг учинчи ўринни эгаллаган эди. Жорий йилда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар мусобақада 13 йўналиш бўйича иштирок этмоқда.

Мусобақанинг дастлабки йўналишлари ниҳоясига етиб, ғолиблар аниқланди.

Ҳарбийларимиз “Йўл патрули”, “Ҳарбий ралли” ва “Қуролсоз уста” йўналишида фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Кинологлар ўртасидаги “Содиқ дўст” танловида ҳарбий хизматчиларимиз ва хизмат итларининг иштироки ҳам барчада катта таассурот қолдирди. Уларнинг “Гита” лақабли ити 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтишда 1 дақиқаю 15 сония натижа билан рекорд ўрнатди. Шунингдек, “Ҳимоя хизмати” шартидаги "шартли душман"ни ушлаш ҳаракатлари ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди.

7 (1).jpg

“Қуролсоз уста” йўналишида Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари қўйилган вазифани бажаришда юқори натижа кўрсатди. Улар олти мамлакат жамоаси иштирокида беш босқичда ўтказилган танловда учинчи ўринни қўлга киритди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида “АрМИ-2018“ мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб қайтган дастлабки тўрт жамоа вакиллари тантанали кутиб олинди.

– “Йўл патрули” мусобақасида муваффақиятли иштирок этдик, – дейди жамоа сардори Дилшод Тошпўлатов. – Ҳарбий хизматчиларимизнинг тажрибаси тобора ортиб бормоқда. Вакилларимизнинг иштироки бошқа мамлакатлар ҳарбий хизматчилари диққат марказида бўлди.

Муҳайё Тошқораева, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
6 397