Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 14:27 Чоп этиш версияси

Қарийб 90 киши ишли бўлди

Хива туманида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 100 га яқин корхона ва ташкилот 300 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Тўртинчи секторга қарашли ҳудудларда уй-жой, коммунал хизмат, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ва транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлик масаласи, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш каби масалалар юзасидан мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармасига Қўшкўпир, Хива туманлари ва Хива шаҳри бириктирилган бўлиб, ушбу ҳудудларда ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ хизмати органлари раҳбарларидан иборат 9 ишчи гуруҳи самарали фаолият юритаётир.

Ишсиз фуқаролар, уюшмаган ёшлар, хорижда ишлаб қайтган ҳамда жазодан озод этилган шахслар бандлигини таьминлаш мақсадида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшлар учун айни муддао бўлди.

– Ўтган йили Хива туманидаги 4-академик лицейни битирдим, – дейди Элдор Жуманазаров. – Бугунги кунга қадар бир неча жойга иш сўраб мурожаат қилдим, лекин амалий натижага эришолмадим. Бугунги ярмаркада “Караван транс” хусусий корхонасига ишга йўлланма олдим. Бундан жуда хурсандман.

Тадбир иштирокчиларига меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатлари ҳақида, тадбиркорлик ва касаначилик фаолияти, ҳунармандлар ва уларга “Устоз-шогирд” асосида ёлланиш тартиби, солиқ қонунчилиги, бизнес ғоялар, мини технологиялар, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тартиби, тижорат банклари хизмати ва таклиф қилинаётган кредитлар каби бир қатор масалалар юзасидан тушунча берилиб, зарур қўлланмалар тарқатилди.

Меҳнат ярмаркасида қарийб 90 иштирокчи ишга жойлашиш учун йўлланма олди. 100 дан ортиқ киши касб маҳоратини ошириш учун касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди.

А.Шокиров, ЎзА
5 444