Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2018 11:28 Чоп этиш версияси

Қардош халқнинг улуғ ижодкорига юксак эҳтиром

Қардош халқнинг улуғ ижодкорига юксак эҳтиром
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 13 мартдаги "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар барча соҳаларда, жумладан, адабий-маданий жабҳаларда ҳам улкан самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

25.JPG

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб қўйилгани минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини қарор топтириш, юртимизнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлаётир.

28.JPG

Президентимизнинг юқорида зикр этилган қарори қўшни қозоқ халқига, уларнинг буюк ижодкорларига юксак ҳурмат-эҳтиром намунаси сифатида мамлакатимиз ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Мазкур ҳужжат қардош халқлар билан дўстлик алоқаларини янги, юксак босқичда давом эттириш, маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, буюк адибнинг ўлмас асарларини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишда катта роль ўйнайди.

Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси бутун туркий халқларнинг қалбида безавол яшаб келмоқда. 

29 (1).JPG

Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистон давлати билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда бу улуғ ижодкорнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади. 

Абай Қўнонбоев умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган бадиий етук асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. 

31.JPG

Халқимиз бу ижодкорнинг инсонпарварлик ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган асарларини севиб мутолаа қилади. Уларнинг номини чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади. 

Пойтахтимизда Абай Қўнонбоевнинг муаззам ҳайкали қад ростлаб тургани, кўча ва маҳаллаларга номи берилгани бунинг далилидир.

Буюк қозоқ маърифатпарвари Абай Қўнонбоевнинг ўзбек халқига ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. У ўзининг «Ҳикматлар» китобида бундай сўзларни ёзган: “Ҳозирда кўрмоқдаманки, ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, ўзбек савдогари қадами етмаган жой йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғашмайди. Рус савдогарлари йўқлигида қозоқларга кийим-кечак ва марҳумларига кафан келтириб беришди... Руслар замонига келиб эса янгиликларни бошқалардан олдинроқ ўзлаштиришмоқда. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандчилик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор..."

34.JPG

Президентимизнинг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарорида юртимизда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, унинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозиция ташкил этиш, ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш ва мушоира ўтказиш, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида улуғ адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш вазифалари белгилаб қўйилган. 

37 (1).JPG

Йиғилишда мазкур вазифалар ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакилларининг ҳисоботлари тингланди, келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов сўзга чиқди.

Байрам Айтмуродов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
5 301