ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Ғарбнинг таназзулга юз тутаётгани ростми?

Ғарбнинг таназзулга юз тутаётгани ростми?

Франциянинг 2007 – 2012 йиллардаги президенти Николя Саркозининг таъкидлашича, бугунги Европа инқирозни бошдан кечирмоқда. Шу боис жаҳон маркази сифатида Шарқ кўпроқ танилиб боряпти. Собиқ президентнинг бу борадаги фикрларини “El Mundo” нашри чоп этган.

“Агар кимдир муаммо фақат сиёсий партиялар билан боғлиқ, деб ҳисобласа, қаттиқ адашади. Улар Европа ва Ғарбнинг таназзулини эътибордан четда қолдирмоқда. Асрлар бўйи дунёнинг маркази Ғарб деб қараларди: ҳозирги кунга келиб ушбу марказ Шарққа қараб силжиган. Сайёрамизда 7 миллиард аҳоли яшайди. Шундан 4 миллиард нафари Осиё ҳудудига тўғри келади, “марказ”да эса (Европа назарда тутиляпти) 800 миллион инсон. Биз энди демографик сабабларга кўра дунё маркази бўлолмаймиз”, – дея қайд этган Николя Саркози.

Шунингдек, Франция собиқ раҳбари 27 давлатдан ташкил топган Европанинг ягона тузилма бўла олиш имкониятига ҳам шубҳа билан қарашини билдирган.

Европани бирлаштириш масаласи бўйича яқинда Франциянинг амалдаги президенти Эммануэль Макрон ҳам ўз ташвишини яширмаганди. Унинг фикрича, Европа уйғониши ва қудратини ошириши лозим, чунки у ҳозир жар ёқасида.

Бундан аввал Макрон Ғарбнинг дунёга устунлик қилиши ниҳоясига етаётганини айтган эди. Унинг фикрича, ҳозирги вақтда бир қатор давлатлар тобора кучайиб бормоқда, ушбу рўйхатда, шубҳасиз, Хитой етакчилик қилмоқда. Қолаверса, Макрон Россиянинг стратегиясини “жуда муваффақиятли” дея таъкидлаганди.

Халқаро ОАВ хабарлари асосида
Саидмурод РАҲИМОВ тайёрлади.

2 603
ЎзА