ЎзА Ўзбек

04.09.2018 15:03 Чоп этиш версияси

Ҳарбийларнинг оилалари байрам сайлида

Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида энг улуғ, энг азиз айём Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун спорт мусобақаси, концерт дастури ва байрам сайли ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари спортнинг шахмат-шашка, арқон тортиш, стол тенниси, мини-футбол, волейбол, бадминтон каби турлари бўйича беллашувларни томоша қилди. Мусобақа ғолибларига эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

Болалар учун кўнгилочар ўйинлар, саҳна кўринишлари ва томошалар, вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ўртасида миллий таомлар тайёрлаш бўйича танлов, қурол-аслаҳа кўргазмаси ҳамда озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Қуролли Кучлар академияси курсантлари томонидан қўл жанги санъати элементлари билан чиқишлар, Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирда “АрМИ-2018“ IV халқаро армия ўйинларида қатнашган Мудофаа вазирлиги Марказий хизмат итлари питомниги ҳарбий хизматчиси Шокир Жўраев “Гита” лақабли хизмат ити билан ўз маҳоратини намойиш этди.

Бу каби тадбирлар Тошкент, Марказий, Шарқий, Шимоли-ғарбий ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округларида ҳам кенг кўламда ўтказилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 259