ЎзА Ўзбек

20.08.2018 14:33 Чоп этиш версияси

Ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги такомиллашади

Ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлиги такомиллашади
Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказиш шакл ва услублари янада такомиллаштирилади. 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказиш шакл ва услубларини янада такомиллаштириш бўйича илмий амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлари, ҳарбий қисм ва муассасалар командир ва бошлиқлари ҳамда академия тингловчилари иштирок этди.

Анжуман ривожланган давлатлар армияларининг илғор тажрибаларни ўрганиш, инновацион технологиялар асосида машғулотларни ташкил этиш, умумқўшин бўлинмаларида командирларнинг бошқарув иш фаолиятини ривожлантириш йўллари, артиллерия бўлинмаларини замонавий артиллерия ўлчов асбоблар ёрдамида янгича шакл услубда тайёрлаш, батальон тактик гуруҳида жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказишдаги янгича ёндашувлар ҳамда қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларга замонавий техник хизмат кўрсатиш каби кенг қамровдаги долзарб масалаларга бағишланди.

Эътиборли жиҳати, ўз маърузалари билан қатнашган бир гуруҳ офицерлар жорий йилнинг 9 июлидан 4 август кунига қадар Россия Федерацияси қуролли кучларида қўшинлар амалиётида ўтаб қайтишган бўлиб, у ерда ҳарбий хизматчиларнинг хизмат фаолиятидан тортиб, жанговар тайёргарлик машғулотларини ўтказиш услубиёти, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар турларигача бўлган жараён билан яқиндан танишишди. 

Тадбир сўнгида олинган тажриба ва амалиётни Ўзбекистон армиясининг салоҳиятини ошириш йўлида кенг татбиқ этиш, янгича ёндашувлар асосида машғулотлар ташкил этиш ҳамда ҳарбийларнинг профессионал тайёргарлик даражасини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, истиқболдаги вазифалар белгиланди. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
6 375