ЎзА Ўзбек

16.04.2018 17:20 Чоп этиш версияси

Ҳарбийларимиз Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашади

Жорий йилнинг апрелидан сентябрь ойига қадар МДҲга аъзо мамлакатлар армиялари ўртасида турли мусобақалар ўтказиш режалаштирилган, деб хабар беради Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур нуфузли беллашув ҳарбий-амалий спортнинг 7 тури бўйича ўтказилади. Шу йил сентябрь ойида юртимизда илк бор қўл жанги бўйича армия чемпионати бўлиб ўтади. Апрель ва октябрь ойларида Россия Федерациясида “Қўмондонлар старти” мусобақаси, белгиланган манзилни топиш ва тоғ учкураши бўйича беллашувлар ўтказилиши мўлжалланган. Ҳарбий-спорт кўпкураш мусобақалари июнь ойида Беларусда, офицерлар ўртасидаги учкураш ҳамда штатли қуролдан отиш мусобақалари август ойида Қирғизистонда ўтказилади.

Мазкур беллашувлар учун иштирокчиларни саралаш мақсадида жорий йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида чемпионатлар ўтказилмоқда.

Яқинда Самарқанд шаҳрида жойлашган Қуролли Кучлар кичик мутахассисларини тайёрлаш марказида ҳарбий-спорт кўп кураши бўйича Мудофаа вазирлиги қўшинларининг чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳарбий қисм ва муассасалардан қарийб 30 га яқин жамоа иштирок этди. Қатнашчилар 100 ва 3000 метр масофага югуриш, турникда тортилиш, тўсиқлардан ўтиш каби шартлар бўйича якка ва жамоавий баҳсларда ўз маҳоратини синаб кўрди. Ғолиблардан Мудофаа вазирлиги терма жамоаси тузилди.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари МДҲ мамлакатларининг халқаро мусобақаларида кузатувчи сифатида иштирок этган бўлса, энди улар ушбу баҳсларда бевосита беллашади. Подполковник Баҳодир Тўхтаназаров ва подполковник Зокир Хазиев, майор Мадиёр Саидов ва майор Шерзод Рашидов, капитанлар Аваз Усмонов, Бахтиёр Мадаминов, Одилбек Юлдошев ва Ҳусниддин Элмуродов “Қўмондонлар старти”да қатнашиш учун Россияга жўнаб кетди.

Аблай Камолов, ЎзА
4 433