ЎзА Ўзбек

05.01.2018 17:24 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар ўртасида “Тафаккур” интеллектуал мусобақасининг якуний натижаси қандай бўлди?

Ҳарбийлар ўртасида “Тафаккур” интеллектуал мусобақасининг якуний натижаси қандай бўлди?
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Қаршида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ўртасида “Тафаккур” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.


Унда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилардан иборат “Тафаккур”, “Ҳимоячи”, “Аълоқачилар”, “Само лочинлари”, “Ўзбегим”, “Чегарачилар” жамоалари ўзаро баҳслашди.

Якуний натижаларга кўра, “Ҳимоячи” жамоаси ғолиб бўлди. “Ўзбегим” ва “Само лочинлари” жамоалари иккичи ва учинчи ўринларни эгаллади.

4 (1).jpg

– Бугунги тадбирда ҳарбий хизмат билан бирга китоб мутолааси, ақлни чархлаш ва хотирани мустаҳкамлаш машқлари билан ҳам мунтазам шуғулланишимиз зарурлигини янада теран англадик, – дейди “Ҳимоячи” жамоаси сардори, сержант Бобур Холиқулов. – Жамоамизнинг мақсади интеллектуал салоҳиятимизни юксалтириб, кейинги ўйинларда янада яхшироқ натижаларни қўлга киритишдир.

Тадбир доирасида намойиш этилган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ёш эстрада хонандалари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши қошида ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” жамоалари чиқишлари барчага хуш кайфият бағишлади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
11 837