ЎзА Ўзбек

09.07.2018 21:13 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар оиласи доимо эътиборда

Ҳарбийлар оиласи доимо эътиборда
“Туркистон” саройида Тошкент гарнизонидаги ҳарбий хизматчилар оила аъзолари иштирокида Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини таcдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

“Оила – жамиятимиз таянчи” шиори остида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар мустаҳкамлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари муҳокама этилди. Мавзу юзасидан маърузалар тингланди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари, полковник Азизбек Икромов, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби шайх Абдулазиз Мансур ва бошқалар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилада эр-хотин ўрни, аҳиллик муҳитини яратиш каби масалалар хусусида сўз юритди.

Давлатимиз томонидан сарҳадларимизни ишончли қўриқлаш, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек муқаддас бурчни матонат билан адо этиб келаётган ҳарбий хизматчилар оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг оила аъзолари учун қулай шароитлар яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда оилавий муносабатлар мавзуига бағишланган видеофильм намойиш этилди.

Аблай Камолов, ЎзА
12 039