ЎзА Ўзбек

31.08.2016 18:49 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар оилаларига янги уйлар топширилди

Ҳарбийлар оилаларига янги уйлар топширилди Тошкент вилояти Бўка туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари оилаларига намунали лойиҳалар асосида бунёд этилган янги уйлар топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, “Ёш чегарачилар” клуби аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Сарҳадларимиз дахлсизлиги, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини қўриқлашдек шарафли вазифани адо этаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътиборида. Бу ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларда ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.

Президентимизнинг 2007 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун ер участкалари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида ҳарбий қисмимизнинг саккиз нафар хизматчиси қатори менга ҳам икки хонали намунавий уйнинг калити топширилди, – дейди Отабек Холлиев. – Бизни янги хонадон ҳамда “уй тўйи” билан қутлаш учун келган яқинларимиз бу ердаги замонавий шароит ва имкониятларга ҳавас қилмоқда. Турмуш ўртоғим ва фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка жавобан осмонимиз мусаффолиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида садоқат билан хизмат қилишга ваъда берамиз.

Бўка туманининг “Ўзбекистон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган ушбу замонавий уйлар шаҳар шароити ва имкониятларини ўзида мужассам этган. Бундай турар жойлар аёлларнинг асосий уй-рўзғор юмушларини ҳовлига чиқмасдан бажариши ва меҳмон кутишида қулайлик туғдиради. Уйлар атрофининг ободонлаштирилгани – ландшафт дизайни талаблари асосида экилган мевали ва манзарали дарахт ҳамда турфа гуллар киши кўнглига ажиб бир ҳузур бағишлайди. Спорт майдончасига ўрнатилган катта-кичик қурилмаларда ўйнаётган болажонларнинг қувончи чексиз.

– Ўғил уйлантирдик, невара эркаладик, энди бир иморат қуриб, уйли-жойли қилсак, деб кампир билан маслаҳат қилиб юрган эдик, – дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қилаётган Бекзод Ҳафизовнинг отаси Абдурасул ака. – Лекин қурилиш қилиш осон эмас. Давлатимиз томонидан ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган эътибор ишимизни енгил қилди. Бу уй нафақат ўғлимга, балки бутун оила аъзоларимизга чинакам байрам совғаси бўлди. Президентимизнинг ёшларга оталарча меҳрибонлиги сабаб менинг ўғлим ҳам ўз уйига эга бўлди. Оиласидан, яшаш шароитидан кўнгли тўқ ҳарбийларимиз Ватан ҳимоясига янада сидқидилдан ёндашади.

Тадбирда санъаткорлар томонидан концерт намойиш этилди.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
11 399