Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 15:11 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар маҳалласида байрам тараддуди

Ҳарбийлар маҳалласида байрам тараддуди Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласида асосан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилади. Балки шунинг учундир, бу ерда тартиб-қоидалар, аҳоли турмуш тарзи ҳам ҳарбийларга хос – қатъий интизом, доимий озодалик, ҳушёрликка асосланган.

– Маҳалламиздаги 1 минг 100 га яқин хонадонда 5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Жаниев. – Маҳалладошларимизнинг аксарияти Самарқанд гарнизонидаги олий ҳарбий таълим муассасаси, сержантлар тайёрлаш мактаби, ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларда хизмат қилади. Ҳар бир кишининг ўз касби, юмуши бор. Айрим ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғи ёки фарзанди вақтинча ишсиз бўлса, маҳалламиздаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига ишга жойлаштирамиз. Ҳудудда 10 дан ортиқ сервис шохобчаси мавжуд. Маҳалла маркази жойлашган бинонинг иккинчи қаватида тикув цехи ташкил этилган. Мазкур кичик корхонада 25 хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Бу йил цех фаолиятини янада кенгайтириб, 20 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган. Аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, "Гўзаллик салони"да ҳам маҳалла ёшлари доимий иш билан банд.

Ҳарбий соҳада хизмат қилиб, айни пайтда истеъфога чиққан фахрийларимиз жамоат ишлари, ёшлар тарбияси, ҳудуднинг обод ва саранжом-саришталигини таъминлашда бизга яқин кўмакчи. Улар ёрдамида маҳалла марказида мўъжаз кутубхона ташкил этганмиз ва ундан каттаю кичик фойдаланиб келмоқда.

Ана шундай ижтимоий-маънавий муҳит, ҳар бир инсоннинг тақдирига масъуллик туфайли турли миллат вакилларидан иборат маҳаллада барча фуқаролар бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ турмуш кечиради. Жиноятчилик, турли ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учрамайди. Муҳими, бу ерда яшовчи аҳоли тинчликнинг қадр-қимматини, унинг қандай асосларда, кимларнинг заҳматли меҳнати эвазига таъминланаётганини яхши англайди.

Маҳаллада битта мактаб, битта мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Ушбу муассасаларда таълим-тарбия олаётган ўғил-қизлар ҳам шу руҳда камолга етади ва уларнинг кўпчилиги ҳаётини ҳарбий соҳа билан боғлайди. Шунинг учун кўп оилаларда фарзандлар ота-она касбини танлаб, Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ишни давом эттирмоқда.

– Узоқ йиллар шу соҳада хизмат қилиб, истеъфога чиқдим ва айни пайтда давлатимиз эъзозида кексалик гаштини суряпман, – дейди А.Мерганов. – Уч ўғлим ҳам менинг изимдан бориб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилмоқда. Ҳарбийликнинг ғоят машаққатли эканини улар менинг фаолиятим мисолида кўриб, ҳис қилиб улғайган бўлсалар-да, шу соҳани танлагани, Ватанимизга хизмат қилаётганидан фахрланаман. Набираларимга, маҳалламиз ёшларига ҳарбийлик касбининг шараф ва масъулияти ҳақида гапириб, юрт ҳимояси, унинг осойишталигини таъминлаш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини уқтираман.

Юртимизда нишонланадиган байрам ва муҳим саналар ҳам бу ерда ўзгача тантана қилинади. Айниқса, Ватан ҳимоячилари кунини бутун маҳаллада, ҳар бир хонадонда кенг нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Айни пайтда маҳаллада ушбу байрамга тараддуд давом этмоқда.

Бу йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан тадбирлар "Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!" шиори остида ўтказилаётир. Ҳудуддаги офицерлар уйи, таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар, соҳа фахрийлари ҳамда илғор ҳарбий хизматчилар иштирокида учрашувлар ташкил этилмоқда. Юртимиз чегаралари дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган ёдгорлик монументи ўрнатилган майдонда хотира тадбирлари уюштирилаётир. Ҳар йилги анъанага кўра, ҳарбий хизматчилар оилалари ўртасида “Намунали ҳарбийлар оиласи” кўрик-танлови ўтказилади. Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун адабий-бадиий кечалар, концерт дастурлари намойиш этиш, оилавий спорт мусобақалари ўтказиш режалаштирилган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 686






Все о погоде - Pogoda.uz