ЎзА Ўзбек

06.08.2018 15:05 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар “Энг яхши ёш китобхон” танловида беллашдилар

Ҳарбийлар “Энг яхши ёш китобхон” танловида беллашдилар
Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўтрасида китобхонлик танловлари давом этмоқда.

Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисм ва муассасалари миқёсида “Энг яхши ёш китобхон” танлови ўтказилди. 

Тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ўзбекистон халқ шоирилари Маҳмуд Тоир ва Зулфия Мўминова, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Дилором Исмоилова, Мудофаа вазирлиги хузуридаги Жамоатчилик кенгаши минтақавий бўлими аъзоси Қахрамон Ҳайдаров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Чирчиқ шаҳар кенгаши раисининг ўринбосари Наргиза Кенжаевалар иштирок этди. 

Танловда ҳарбий қисмларда ўтказилган беллашувларда ғолибликни қўлга киритган 20 нафар ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашдилар. Якуний натижаларга кўра, муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскарлар Боғибек Аширов 1-ўринни, Ботир Рўзиев 2-ўринни, Аброр Юлдашев 3-ўринни эгаллади.

Шунингдек, Марказий ҳарбий округда ҳам танловнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Самарқанддаги “Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасида ўтказилган танловда ҳарбий қисм ва муассаса вакиллари иштирок этиб, “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони” ва “Буюк мутафаккир ва адиб” шартлари бўйича ўзаро билимларини синовдан ўтказди. 

Ўтказилган танлов якунида фахрли 1-ўрин муддатли ҳарбий хизматчи оддий аскар Шерзод Бегамовга насиб этган бўлса, 2-ўринни оддий аскар Ойбекжон Орипов эгаллади. Оддий аскар Нурали Мўминов кучли учликка якун ясади. 

Танлов ғолиблари округ қўшинлари қўмондонларининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Мазкур танловнинг кейинги босқичи, шунингдек Жануби-ғарбий махсус, Шарқий ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округларда ҳам ўтказилади. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
6 581