ЎзА Ўзбек

12.01.2019 08:45 Чоп этиш версияси

Ҳарбийлар ҳаёти – ўқувчилар ҳаваси

Ҳарбийлар ҳаёти – ўқувчилар ҳаваси – Болалигимдан ҳарбий техникаларга қизиқаман, – дейди Касби туманидаги 48-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муродали Бобомуродов. – Отамга доим ўйинчоқ танк олдирардим. Лекин ҳақиқий танкни ҳеч қачон кўрмагандим. Бугун ушбу орзум ушалди. Ўқитувчимиз бошчилигида ҳарбий қисмга саёҳат қилдик ва ҳақиқий танкларни кўрдик. Ҳатто бошқарув бўлмасига кириб, ўзимни танкчидек тасаввур ҳам қилдим. Келажакда, албатта, танкчи бўламан.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бири фаолияти билан танишувимиз мана шундай бошланди. Боиси, биз ҳарбий қисмда бўлганда у ерда очиқ эшиклар куни ўтказилаётган ва мактаб ўқувчилари ҳам саёҳатга келишган экан.

Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш, мамлакат мудофаа салоҳиятини янада ошириш, ҳарбий соҳани замон талабларига мос ҳолга келтириш билан боғлиқ мутлақо янгича ёндашув, кўламдор ислоҳотлар самарасини мазкур ҳарбий қисм мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу ерда биргина ўтган йили лойиҳа қиймати 37 миллиард сўм бўлган 17 та объектда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳарбий қисм замонавий қиёфа касб этди. Хусусан, ошхона, тиббиёт пункти ва казармалар капитал таъмирланган. Овқатланишни ташкил қилишда аутсорсинг тизими жорий қилиниб, ҳарбий хизматчиларнинг ошхона ишларига жалб қилинишига барҳам берилган. Бундан ташқари, иссиқлик ва электр тармоқлари тўлиқ янгиланган.

Янгидан қурилган маданият ва спорт саройлари ҳарбий хизматчиларнинг маънавий билими ва жисмоний имкониятини оширишга хизмат қилмоқда.

– Спорт зали замон талабларига тўла мос бўлиб, 12 спорт тури билан шуғулланиш имконияти яратилган, – дейди спорт йўриқчиси, сержант Қўлдош Эллиев. – Барча спорт инвентарлари билан жиҳозланган. Бу ерда ҳарбий хизматчилардан ташқари, уларнинг фарзандлари учун ҳам спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Бунинг натижасида ўтган йили Абдумалик Муҳаммадиев Мудофаа вазирлиги тизимида қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди, майор Собир Ўрозов Хитойда у-шу спорт тури бўйича малака ошириб қайтди. Отабек Жабборов армрестлинг бўйича 75 килограмм вазнда Ўзбекистон чемпиони бўлди. Жавоҳир Раимов эса Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ миқёсида қўл жангида тенгсиз деб топилди. Айни пайтда спортчиларимиз Қуролли Кучлар тизимида ўтказиладиган бокс мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.

Жанговар машиналар паркини айланар эканмиз, маҳобатли зирҳли техникалар ва уларни профессионал даражада бошқараётган ҳарбий хизматчилар эътиборимизни тортди. Технопаркда танкини кўрикдан ўтказаётган танкчи, сержант Н.Абдураззоқовни суҳбатга чорладик.

– Ҳарбий техникаларни бошқариш ҳарбий хизматчидан катта маҳорат ва матонат талаб қилади, – дейди Н.Абдураззоқов. – Боиси, бугунги кунда ҳарбий техникаларнинг ўта такомиллашган авлодлари ишлаб чиқарилмоқдаки, биз ҳарбийлар бунга тайёр бўлишимиз даркор. Шу сабабли тажрибамизни мунтазам ошириб борамиз. Ҳарбий қисмимизда бунинг учун барча шароит яратилган.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятининг юксак бўлиши ҳарбий хизматчиларга яратилган шароит ва имкониятлар билан ҳам ўлчанади.

3.jpg

9.jpg

21.jpg

26.jpg


Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
1 046