ЎзА Ўзбек

13.01.2019 Чоп этиш версияси

Ҳарбий таълим факультети ёшлар учун имконият

Ҳарбий таълим факультети ёшлар учун имконият

Мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, мамлакат мудофаа салоҳиятини янада ошириш, ҳарбий соҳани замон талабларига мос келтириш йўлида янгича ёндашув яратилган.

Юртимиздаги олий таълим муассасаларида фаолият юритадиган Ҳарбий таълим факультетлари бунинг далилидир.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳарбий кафедраси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йилнинг 18 декабридаги қарорига асосан ташкил этилган.

2004 йилга қадар «Чақириққача ҳарбий тайёргарлик ва жисмоний тарбия ўқитувчиси» мутахассислиги бўйича ўқитувчи кадрлар тайёрлаб келган. 2005 йилдан бир қадар ўзгаришлар бўлди. Айни кафедрада «Чақириққача ҳарбий тайёргарлик» фани ўқитувчиларини тайёрлаш бошланди. Сўнгра “Бошланғич ҳарбий тайёргарлик ва жисмоний тарбия ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича ўқув жараёни йўлга қўйилди. 

Салоҳиятли педагог кадрлар билан таъминланган кафедра негизида 2008 йилда «Жисмоний маданият ва чақириққача ҳарбий таълим» факультети ташкил этилган. Факультет шу вақтларда «Чақириққача ҳарбий таълим», «Жисмоний маданият ва болалар спорти» йўналишлари бўйича бакалаврларни тайёрлаган. Факультетда йўналишлар бўйича Ўзбекистонда узлуксиз таълим давлат стандартлари тизими ва ўқув режалари тасдиқланиб, амалда тадбиқ этилган.

Факультетнинг “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши республикада таянч йўналиш ҳисобланиб, «Чақириққача ҳарбий таълим» ҳамда «Жисмоний маданият ва болалар спорти» таълим йўналишлари бўйича республикамиздаги академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумий ўрта таълим мактабларига «Жисмоний тарбия ва спорт» ҳамда «Ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш» фанларидан дарс берадиган юқори малакали мутахассис кадрларни тайёрлаб келади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 октябрдаги қарорига асосан ўша кундан бошлаб, Ҳарбий таълим факультети мақоми берилди ва ҳозирги вақтда жами 19 нафар профессор ўқитувчилар фаолият юритади. 

Тошкент давлат педагогика университети ҳарбий таълим факультети Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабалари таркибидан Қуролли Кучлар учун захирадаги ва резервдаги офицерларни тайёрлашга хизмат қиладиган маъмурий бўлинма ҳисобланади ва узлуксиз ўқув-тарбиявий жараён амалга оширади.

Ҳозирда “Чақириққача ҳарбий таълим” мутахассислиги бўйича захирадаги офицерларни тайёрлаш 3 та – махсус тайёргарлик, умумқўшин тайёргарлик, услубий тайёргарлик циклларидан иборат.

Ҳозирги вақтда факультетда бакалавр соҳасида 312 нафар, магистратура босқичида эса 3 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
Ҳарбий хизматчилар оиласи фарзандларига берилган имтиёз асосида 2018-2019 ўқув йилида 5 нафар талаба гранд асосида ўқияпти. Бундан ташқари жорий ўқув йилида 9 нафар талаба ҳарбий хизмат тафсияномаси асосида ўқишга кирган.


8 616
Барно Мелиқулова, Ёқубжон Мелибоев, ЎзА