ЎзА Ўзбек

23.07.2018 19:57 Чоп этиш версияси

Ҳарбий тактик-стратегик ўқув муваффақиятли якунланди

Ҳарбий тактик-стратегик ўқув муваффақиятли якунланди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округининг Фориш тоғ-дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг ноқонуний қуролли тузилмаларни бартараф этиш бўйича биргаликдаги ҳарбий тактик-стратегик ўқувининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.

Бундан аввал Қозоғистон Республикасида икки мамлакат Мудофаа вазирликлари қўшинлари бўлинмаларининг ноқонуний қуролли тузилмаларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги машқларининг биринчи босқичи бўлиб ўтган эди.

Фориш тоғ-дала ўқув майдонидаги машғулотлар доирасида ташкил этилган кўргазмада Ўзбекистон Республикаси қўшинларида қўлланилаётган жанговар қурол-аслаҳалар ва техника воситалари намойиш этилди.

20.JPG

Тактик-стратегик ўқувда икки мамлакат ҳарбий хизматчилари тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган бўлинмани йўқ қилиш бўйича ҳамкорликда аксилтеррор амалиётини ўтказишди.

Ишлаб чиқилган амалиёт режасига кўра, учувчисиз учиш аппаратлари орқали ўтказилган ҳаво разведкаси давомида бир гуруҳ ноқонуний қуролланган шартли тузилма аниқланди.

Ноқулай иқлим шароитларида, тоғли ҳудудларда ноқонуний кучлар таҳдидини қайтаришга қаратилган машқлар ҳозирги вақтда жаҳон ва минтақамизда кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий, глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидларга қарши курашнинг энг мақбул услубларини ишлаб чиқиш борасида ўзаро тажриба алмашишга асосланди.

Бугунги замон жангининг ўзига хос хусусиятлари инобатга олиниб, реал ҳарбий ҳаракатларга максимал даражада яқинлаштирилган икки давлат ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги аксилтеррор операцияси давомида ўтиш мураккаб бўлган тоғли ҳудудда шартли душман гуруҳи, унинг моддий таъминот базалари, техника воситалари ва тирик кучлари батамом йўқ қилинди.

23.JPG

– Қўшма ўқувни ўтказишдан кўзланган мақсад тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат, – дейди капитан Отабек Қодиров. – Машқларда энг самарали усулларни қўллашга, мураккаб вазиятларга ҳамкорликда тўғри ечим топишга ҳаракат қилдик. Энг қийин пайтда биргаликдаги ҳаракат усуллари амалий синовдан ўтди. Бўлинмамиз жанговар топшириқни муваффақиятли бажарди.

Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, халқаро терроризм, экстремизм каби глобал таҳдидларга қарши курашиш, мураккаб тоғ шароитида ноқонуний қуролланган кучларни йўқ қилиш бўйича ўтказилган ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувнинг ёпилиш маросимида Қозоғистон Республикаси мудофаа вазири Сакен Жасузаков ва Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизов иштирок этди.

Унда мазкур машқлар муваффақиятли якунлангани таъкидланди. Ўқув-жанговар топшириқларни муваффақиятли бажарган ҳар иккала мамлакат ҳарбий хизматчилари тақдирланди.

Тактик-стратегик ўқув доирасида маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
3 883