Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 15:38 Чоп этиш версияси

14 ҳарбий оила янги уйга кўчиб ўтди

Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Жиззах вилояти Янгиобод туманида жойлашган ҳарбий қисмларидан бирида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун 10 хонадонли битта янги уй қурилиб, 4 хонадонли битта қайта реконструкция қилинган турар жой биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда МХХ чегара қўшинлари ҳарбий қисми масъул офицерлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ҳарбийлар оилаларига қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Янги уй берилганидан барчамиз беҳад хурсанд бўлдик, – дейди шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар Дилшод Ўролов. – Замонавий уйда оиламиз билан бахтиёр ҳаёт кечириш учун барча шароит муҳайё. Бу ғамхўрлик бизни Ватан олдидаги бурчимизни янада ғайрат билан адо этишга рағбатлантиради.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ўсиб-улғайган катта лейтенант Ғофур Мамадалиев бир неча йилдан буён Ватанга садоқат билан хизмат қилиш баробарида, аскар ва сержантларни маънан ва жисмонан баркамол этиб тарбиялашга, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу куни унинг оиласига ҳам янги уйнинг калити топширилди.

– Уйимиз хоналари замонавий мебеллар билан жиҳозланган, – дейди катта лейтенант Ғ.Мамадалиевнинг турмуш ўртоғи Гулзода Мамадалиева. – Ватан посбони хонадонининг уй бекаси бўлиш юксак фахр эканини ҳамиша ҳис этиб яшайман. Ҳовлида ўғил-қизларимиз учун мўъжазгина ўйин майдончаси ҳам барпо этилган. Бу каби қулайликлар чегарачиларнинг ўз бурчини аъло даражада бажаришига хизмат қилади.

Янги уй эгаларига вилоят ва туман ҳокимлиги, ҳарбий қисм раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 634






Все о погоде - Pogoda.uz